Мурожаатларда ҳаёт акс этади
Пешона тери эвазига жамғарилган пуллар инсон учун қадрли. Бироқ қонунан ўзингизга тегишли бўлган пулларни масъуллар эътиборсизлик туфайли белгиланган тартибда тўлаб бермаса ваколатли органларга мурожаат қилиш айни муддао.
Фарғона вилоят адлия органлари ҳаётимизда тез-тез учраб турадиган ҳолатларда фуқаролар, ҳуқуқлари поймол бўлган ва адолат излаган ҳамюртларимизга ҳуқуқий кўмак бермоқда. Фурқат туманида ҳам мурожаат амалий ечим топди. Гап шундаки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 28 декабрдаги 779-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисида”ги Низомнинг 15-бандига асосан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларини рейтинг баҳолаш тизими жорий қилинган. Бу баҳолаш орқали маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими томонидан ҳар ойлик устамалари белгиланиши назарда тутилган. Ваҳоланки, туман маҳалла ва нуронийларни қўллаб қувватлаш бўлими томонидан фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг рейтинг баҳолаш тизими йўлга қўйилган бўлса-да, уларга устама пуллари тўлаб берилмаган.
Аниқланган ҳолат юзасидан туман адлия бўлими томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда таъсир чораси киритилди. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг 107 миллион сўм устама пуллари тўлаб берилди.
Олтиариқ туманида истиқомат қилувчи Дилором Ваҳобиддинова 2019 йил февраль ойида уй-жойга муҳтож оилалар учун ўтказилган онлайн савдоларда 2-гуруҳ ногиронлиги бор укасига ер сотиб олади. Бироқ унинг харид қилган ва қонунан ўзига тегишли ерида уй-жой қуриш учун кўплаб бюрократик тўсиқлар юзага келди.
– Муаммолар, сансалорликлар нақд тўрт йил давом этди, – дейди Дилором Ваҳобиддинова. – Бу вақт мобайнида бормаган эшигим қолмади. Халқ таълими соҳасида ишлайдиган бир дугонамнинг маслаҳати билан туман адлия бўлимига мурожаат қилдим. Хайрият, кўп йиллик муаммони 20 кун ичида суд тартибида ижобий ҳал этиб беришди.
Қўқон шаҳар адлия бўлими томонидан шаҳар халқ таълими бўлимига киритилган тақдимномага асосан, бўлим тасарруфидаги 41 та умумтаълим мактабининг 59 нафар кутубхона мудиралари ва кутубхоначиларига 307 миллион 529 минг сўм устамалари тўлаб берилиши таъминланди. Тошлоқ туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 675 нафар тиббиёт ходимига Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига асосан, меҳнат таътил кунлари 5 иш кунига қисқартирилиб, ходимларга 5 иш кунига камайтирилган ҳолда меҳнат таътили пули ҳисоблаб тўлаб берилган. Асоссиз равишда 675 нафар тиббиёт ходимидан 292 миллион 881 минг сўм меҳнат таътили пули ушлаб қолинган.
Меҳнат кодексининг 133-моддасига кўра барча ходимларга, шу жумладан, ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Тақдимнома натижасида меҳнат таътилига чиққан ходимларга тўланмай қолган жами 292 миллион 881 минг сўм тўлаб берилди.
Юқорида келтирилган мурожаатлардан хулоса қилиш мумкинки, меҳнат муносабатларида ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳаётий заруратга айланиб бормоқда. Бу эса адлия органларига янада катта масъулият юклайди. Биргина Фарғона вилояти адлия бошқармаси ва унинг қуйи тизимларига ўтган 2022 йил давомида 12 минг 431 та мурожаатлар келиб тушди. Эътиборли жиҳати шундаки, адлия органлари томонидан кўрилган ҳуқуқий таъсир чоралар натижасида 61 миллиард 988 миллион сўм миқдордаги пул маблағлари ўз эгаларига қонуний тартибда қайтарилган.
Аксарият мурожаатлар меҳнат қонунчилиги, иш берувчи ва ходимлар ўртасидаги муносабатларда акс этмоқда. Ўтган йилда келиб тушган мурожаатларнинг 5 мингга яқини меҳнат муносабатлари ва низоларига оид. 4 мингдан ошиғи эса коммунал, солиқ, банк, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа соҳаларга тааллуқли.
– Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва бошқа соҳаларда назорат тадбирлари ўтказилди, – дейди Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Абдуманноп Бўриев. – Натижада вилоятда 62 мингдан ортиқ қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди. 39 минг 57 та ҳужжат ижроси бекор қилинди. Мансабдор шахсларнинг 2 минг 738 та ҳаракатлари тўхтатилди. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар манфаатини кўзлаб судларга 34 миллиард 240 миллион сўмлик 2 минг 118 та даъво ариза киритилди.
М.Сулаймонов, ЎзА