Мурожаатлар — халқ билан очиқ мулоқот мезони
Навоий шаҳридаги Маънавият ва маърифат марказида Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Абдулазиз Солиев иштирокида сайёр қабул ташкил этилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, халқ билан мулоқотни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда мурожаатлар билан ишлаш тизимини рақамлаштириш, аҳолига қулай хизмат кўрсатиш механизмларини жорий этиш ва масъул ходимларнинг жавобгарлигини ошириш муҳим вазифага айланди.
Солиқ органлари фаолиятида ҳам мурожаатлар билан ишлаш устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Зеро, тадбиркорлар ва фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар солиқ тизимидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш, хизматлар сифатини баҳолаш ва таклифларни ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.
Навоий вилояти солиқ хизмати органларига 2026 йилнинг биринчи чораги давомида жисмоний ва юридик шахслар томонидан 9 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Уларнинг 3 550 таси юридик шахслар, 5 450 таси эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келган.
[gallery-29646]
- Мурожаатларнинг аксарияти электрон тарзда қабул қилингани рақамли хизматлар самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради, - дейди вилоят солиқ бошқармасининг Ташкилий ишларни назорат қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш шўъбаси бошлиғи Муҳайё Рамазонова. - Хусусан, 7 638 та мурожаат Электрон солиқ хизматлари портали ҳамда бевосита қабул қилинган мурожаатларга тўғри келади. Шунингдек, Президентнинг Виртуал ва Халқ қабулхоналари, “Ишонч телефони” ва раҳбар қабуллари орқали ҳам мурожаатлар қабул қилинган.
Таҳлилларга кўра, келиб тушган мурожаатларнинг 75 фоизи ижобий ҳал этилган. Қолган мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ёки қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Бу эса мурожаатларга бефарқ қаралмаётгани, ҳар бир масала атрофлича кўриб чиқилаётганини кўрсатади.
Сайёр қабулда 150 нафарга яқин фуқаро ва тадбиркорлик субъектлари иштирок этди. Юзма-юз мулоқотда тадбиркорлар мол-мулк ва ер солиғи, товарларни маркировка қилиш, имтиёзли банк кредитларини олиш, ер ажратиш ва бошқа солиқ соҳасига оид мурожаат ва таклифлари билан қатнашди.
- Биз четдан зотли қорамолларни олиб келиб, корхонамизни кенгайтирмоқчимиз, - дейди “Хатирчи парранда” кластери раҳбари Ҳилола Ишанова. - Президентимизнинг 2026 йил 12 майдаги “Чорвачилик тармоғи ва яйлов хўжалигини замонавий бошқарув тизими ва янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан чорва импорти учун солиқ имтиёзи берилмоқда. Таклифимиз қўмита раҳбариятига маъқул келди ва бизни шу масала билан шуғулланувчи мутахассис билан боғлаб беришди. Ундан ўзим учун керакли бўлган тавсияларни олдим. Келгусида чорвачиликни йўлга қўйиб, яна 10 нафар фуқарони иш билан таъминлаймиз.
Албатта, мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда ижтимоий адолат ва очиқлик муҳитини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари