Мурожаатлар сабабини ўрганиш ва уларга амалий ечим топишга эътибор қаратилди
Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила ташвиши ва йиллар давомида ечимини кутаётган муаммо туриши мумкин. Шунинг учун фуқаронинг мурожаатини тинглаш — масъулиятнинг бошланиши, уни ҳал этиш эса давлат идоралари олдида турган бевосита вазифадир. Янгиер шаҳри ва Ховос тумани аҳолиси билан ўтказилган сайёр қабулда 230 дан ортиқ мурожаат тингланиб, ҳар бир масала юзасидан аниқ вазифалар ва ижро муддатлари белгилаб берилди.
Янгиер шаҳрида жойлашган Гулистон давлат университети Психология ва ижтимоий фанлар факультети ҳовлисида ўтказилган қабулда Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят прокурори, ички ишлар ва давлат солиқ бошқармалари раҳбарлари, шунингдек, Янгиер шаҳри ва Ховос тумани ҳокимлари иштирок этишди.

Қабулга келган ҳар бир фуқаронинг ўз дарди, ўз ташвиши бор. Кимнидир уй-жой ва ер масаласи қийнаётган бўлса, яна кимдир кадастр ҳужжатлари, ишга жойлашиш, кредит олиш ёки коммунал хизматлар билан боғлиқ муаммосини кўтарди. Айрим мурожаатлар эса ижтимоий ҳимоя, таълим ва соғлиқни сақлаш масалаларига тааллуқли бўлди.

Мурожаатлар соҳа ва йўналишлар кесимида таҳлил қилинганда, энг катта салмоқ уй-жой, ер ва кадастр масалаларига тўғри келгани кўринади. Бу йўналишда 87 та мурожаат қайд этилди. Коммунал хизматлар ва инфратузилма бўйича 39 та, бандлик ва ишга жойлаштириш юзасидан 27 та, кредит ва банк хизматлари бўйича 19 та мурожаат қабул қилинди.


Моддий ёрдам ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича 13 та, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа ижтимоий масалалар юзасидан ҳам мурожаатлар келиб тушди.


Маҳаллалар кесимида эса мурожаатларнинг асосий қисми Наврўзобод, Давлатобод, А. Жомий, Гулбаҳор ва Маърифат маҳаллалари аҳолиси ҳиссасига тўғри келди. Хусусан, Наврўзобод МФЙдан 20 та, Давлатобод МФЙдан 17 та, А. Жомий МФЙдан 13 та, Гулбаҳор МФЙдан 11 та ва Маърифат МФЙдан 10 та мурожаат қайд этилди.
Бир қарашда бу рақамлар оддий статистикадек кўриниши мумкин. Аммо ҳар бир рақам ортида бир инсоннинг ҳаёти, бир оиланинг ташвиши, йиллар давомида ечимини кутаётган муаммо бор. Шу боис қабул жараёнида мурожаатларни шунчаки рўйхатга олиш эмас, уларнинг сабабини ўрганиш ва амалий ечим топишга алоҳида эътибор қаратилди.


Ҳал этиш имкони бўлган масалалар жойидаёқ кўриб чиқилди. Қўшимча ўрганиш, вақт ёки маблағ талаб қиладиган мурожаатлар бўйича эса масъулларга аниқ вазифалар ва ижро муддатлари белгилаб берилди. Уларнинг ижроси Сирдарё вилояти бўйича Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири