Мурожаатлар ижобий ҳал этилди
Бухоро вилоятининг 4-сектор раҳбари Д.Юлдашев томонидан аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида Вобкент туманидаги “Қурувчи” маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги сайёр қабул ўтказилди.
Қабулда фуқаролардан жами 20 га яқин мурожаат келиб тушди. Учрашувда фуқаролар вилоят 4-сектор раҳбаридан соғлиқни сақлаш, кредит, моддий ёрдам ва субсидия ажратиш масалаларида кўмак сўраб мурожаат қилди.
Мазкур мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилди.
Жумладан, шу ерлик 3 нафар ишсиз хотин-қизнинг бандлигини таъминлаш ва уларнинг доимий даромад топишига кўмаклашиш мақсадида 3 та замонавий тикув машинаси тақдим қилинди. Таъкидлаш лозим, ушбу 3 нафар хотин-қиз дастлаб бепул курсларда ўқиб, тикувчилик фаолиятини пухта эгаллади.

Худди шундай, ёшларни фойдали меҳнатга жалб қилиш ва уйда бандлигини таъминлаш мақсадида шу ерлик 2 нафар ёшга 2 та пайвандлаш ускунаси ҳамда 1 нафарига юк ташишга мўлжалланган мотоцикл тақдим қилинди.
– Сектор раҳбарига тикув машинаси олиб бериш учун мурожаат қилгандим, – дейди ушбу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳилола Раҳмонова. – Мурожаатим шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Менга субсидия асосида тикув машинаси берилди. Бундан жуда хурсандман. уйимда ҳунаримни ишга солиб, маҳалладошларимнинг тикиш-бичишини қиламан. Оиламга даромад олиб келаман.
Шунингдек, сайёр қабул доирасида кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди. Уларга зарур бўлган дори-дармонлар, ногиронлиги бўлган бир нафар фуқарога ногиронлик аравачаси ва ёрдамга муҳтож 4 та оилага озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди.
[gallery-16163]
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари