Мурожаатлар эътиборсиз қолмайди
Миллий матбуот марказида Давлат божхона қўмитаси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Миллий матбуот марказида Давлат божхона қўмитаси томонидан “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Ф.Сафарбоев ва бошқалар Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 3 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуни божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишни янги босқичга олиб чиққанини таъкидлади.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 31 мартда қабул қилинган “Давлат органлари ва давлат муассасаларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги Намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига мувофиқ қўмита томонидан Божхона органларида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Мазкур норматив ҳужжатларда назарда тутилган талабларни божхона органлари ходимларига батафсил етказиш мақсадида қўмитанинг марказий аппарати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари, Олий ҳарбий божхона институти ва Миллий кинология марказида ўқув машғулотлари ўтказилди.
2015 йилнинг 1 декабрига қадар қўмитага жисмоний ва юридик шахслардан жами 1126 мурожаат келиб тушган. Уларнинг 45,2 фоизи Ягона давлат интерактив хизматлари портали орқали йўлланган. Мурожаатларнинг 712 таси жисмоний, 414 таси юридик шахсларга тегишлидир.
Мурожаатларнинг 36,2 фоизи божхона назорати ва расмийлаштируви, 17,2 фоизи божхона тўловларидан озод қилиш, 16,4 фоизи божхона органларига иш ёки ўқишга киришга дахлдор. Божхона ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан, божхона қоидабузарликларини аниқлаш вақтида олиб қўйилган товар-моддий бойликларни қайтаришга доир ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлар йўлланган.
Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш, мурожаатларни бевосита жойига чиқиб ўрганиш мақсадида қўмита раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйлаб сайёр қабуллари ташкил қилинмоқда.
Жамоатчилик ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан турли учрашув, семинар ва давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда. 2015 йилнинг 11 ойида икки мингга яқин шундай тадбирлар ўтказилди.
Қўмита ишонч телефонига 32 мурожаат келиб тушган. 2015 йил 1 августидан интернет тармоғида фаолият кўрсатаётган қўмитанинг янгиланган сайтида ўндан зиёд интерактив хизмат, фуқароларнинг тўғридан-тўғри боғланиши ҳамда савол йўллаш имконияти яратилган.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.