Мурожаатлар билан энг ёмон ишлайдиган банклар рўйхати эълон қилинди
Марказий банк 2026 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги юзасидан таҳлил натижаларини эълон қилди. Унда мижозлар шикоятлари сони, уларни кўриб чиқиш сифати ва мурожаатларга муносабат даражаси асосида банклар фаолияти баҳоланган.
Таъкидланишича, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда банк хизматлари сифатини ошириш мақсадида Марказий банк ва бошқа давлат идораларига келиб тушаётган мурожаатлар мунтазам таҳлил қилиб борилади. Ана шу таҳлиллар асосида шакллантирилган рейтингда айрим тижорат банкларида мурожаатлар билан ишлаш тизими етарли даражада самарали эмаслиги аниқланган.
2026 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, мурожаатлар билан ишлаш бўйича энг салбий кўрсаткич қайд этилган банклар рўйхатида биринчи ўринни «Бизнесни ривожлантириш банки» эгаллади. Кейинги ўринлардан «Анорбанк» ва «Микрокредитбанк» жой олган.
Шунингдек, «AVO банк» ҳамда «TBC банк» ҳам мижозлар мурожаатлари бўйича салбий кўрсаткичга эга банклар қаторига киритилиб, рейтингнинг тўртинчи ва бешинчи поғоналаридан ўрин олди.

Марказий банкнинг қайд этишича, мазкур банкларда асосан қуйидаги муаммолар кузатилмоқда. Хусусан, банк маҳсулотлари ва хизматлари бўйича мижозларга тўлиқ ва аниқ маълумот берилмаслиги, мурожаатларга ўз вақтида ҳамда сифатли жавоб тақдим этилмаслиги каби муаммолар кузатилган. Шунингдек, такрорий шикоятларга сабаб бўлаётган тизимли камчиликларнинг бартараф этилмаётгани, масофавий хизматлар, тўлов операциялари ва кредитлар билан боғлиқ муаммоларнинг кечиктириб ҳал этилиши, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ички назорат механизмларининг етарли даражада ишламаётгани сингари муаммолар кузатилмоқда.
Банк тизимига бўлган ишончни мустаҳкамлашда нафақат молиявий барқарорлик, балки мижозлар билан очиқ ва самарали мулоқот ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис мурожаатларни тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, келиб чиқаётган муаммоларни тизимли ҳал этиш ҳар бир банк фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.
Марказий банк эса банк хизматлари сифати ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича мониторинг ишларини изчил давом эттиришини маълум қилди.
Ш.Маматуропова,
ЎзА