Муқобил энергия қулай ва тежамкор
Фарғонада муқобил энергия манбаларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Президентимиз раҳбарлигида жорий йилнинг 10 июнь куни ўтказилган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида муҳим вазифалар белгиланиб, барча вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, маҳалла биноларини муқобил энергияга ўтказиш зарурлиги таъкидланган эди.

Айни кунларда Фарғона вилоятидаги бир қатор корхона ва ташкилотлар биноларида муқобил энергия ишлаб чиқарувчи қулай ҳамда сифатли бўлган қуёш панеллари ўрнатилиб, электр энергияси тежалишига эришилмоқда. Хусусан, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамиятида бу йўналишда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жамият маъмурий биносига умумий қуввати 20 кВТ бўлган қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Бу соҳада муқобил энергия манбаларини жорий этишга муҳим вазифа сифатида қаралаётганидан далолатдир. Кейинги босқичда жамият тасарруфида бўлган 20 та шаҳар, туман электр таъминоти корхоналарида ҳар бирининг қуввати 5 кВТдан бўлган қуёш панеллари ўрнатиш режалаштирилган. Бу билан жамиятнинг ўз эҳтиёжлари учун сарф этадиган электр энергияси иқтисод қилинишига эришилади, албатта.

М.Сулаймонов, ЎзА