Мундиалнинг барча иштирокчилари маълум
"Жаҳон чемпионати – 2026"
АҚШ, Канада ва Мексика давлатлари мезбонлигида футбол бўйича ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этадиган 48 та жамоа номи аниқ бўлди.

Жумладан, 31 март куни бўлиб ўтган Европа минтақаси плей-офф финаллари якунига кўра, Босния ва Герцеговина терма жамоаси Италияга қарши ўйинда 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади ва ғолибни аниқлаш учун ўтказилган пенальтилар сериясида 4:1 ҳисобида зафар қучди. Натижада италиялик футболчилар бу гал ҳам мундиал йўлланмасидан қуруқ қолди.

Шунингдек, ушбу босқичда Швеция 3:2 ҳисобида Польша устидан ғалаба қозонди. Туркия эса 1:0 ҳисобида Косовони таслим этди. Чехия эса Данияни (2:2) пенальтилар сериясида 3:2 ҳисобида енгди.
Шу тариқа, Босния ва Герцеговина, Швеция, Туркия ҳамда Чехия мундиалга йўл олди.

Жаҳон чемпионатининг сўнгги йўлланмаси қитъалараро плей-офф босқичи орқали аниқланди. Унда Ироқ 2:1 ҳисобида Боливияни енгди ва мундиал иштирокчисига айланди.
Шу тариқа, Жаҳон чемпионати гуруҳлари қуйидагича кўриниш олди:
A гуруҳи: Мексика, Жанубий Африка, Жанубий Корея, Чехия;
B гуруҳи: Канада, Швейцария, Қатар, Босния ва Герцеговина;
C гуруҳи: Бразилия, Марокаш, Гаити, Шотландия;
D гуруҳи: АҚШ, Парагвай, Австралия, Туркия;
E гуруҳи: Германия, Кюрасао, Кот-д’Ивуар, Эквадор;
F гуруҳи: Нидерландия, Япония, Тунис, Швеция;
G гуруҳи: Бельгия, Миср, Эрон, Янги Зеландия;
H гуруҳи: Испания, Кабо-Верде, Саудия Арабистони, Уругвай;
I гуруҳи: Франция, Сенегал, Норвегия, Ироқ;
J гуруҳи: Аргентина, Жазоир, Австрия, Иордания;
K гуруҳи: Португалия, Колумбия, Ўзбекистон, ДР Конго;
L гуруҳи: Англия, Хорватия, Гана, Панама.

Маълумот учун, Миллий терма жамоамизнинг «К» гуруҳидаги учрашувлар тақвими қуйидагича кўриниш олган:
1 тур: Ўзбекистон — Колумбия, 18 июнь соат 07:00;
2 тур: Португалия — Ўзбекистон, 23 июнь соат 22:00;
3 тур: Конго ДР — Ўзбекистон, 28 июнь соат 04:30.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА