Муҳим вазифалар белгилаб олинди
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши мажлислар залида партия Марказий Кенгашининг IХ Пленумида қабул қилинган қарорларнинг ижросини таъминлаш бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов ва бошқалар партиянинг 2024 йил 27 октябрда белгиланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлар депутатлари сайловида фаол иштирок этишни эълон қилганлигини таъкидлади ҳамда шу билан боғлиқ вазифаларга батафсил тўхталди.


Хусусан, асосий режада белгиланган вазифалар, партиянинг сайловларда иштирокини мувофиқлаштириш бўйича сайлов штабларини ташкил этиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштирок этишини қўллаб-қувватловчи сайловчиларнинг имзоларини тўплаш ишларини ташкил этиш, шунингдек, Бошланғич партия ташкилотларининг навбатдаги умумий йиғилишлари, Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман партия ташкилотларининг конференцияларини ўтказиш масалалари бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.