Муҳим ташаббуслар амалга оширилди
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 23 февралида ёшлар билан ўтказилган учрашувда билдирилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилоят кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев Учқўрғон туманида бир қатор ёшлар ҳамда тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган мулоқотда “Ватанпарвар” ташкилотининг спорт секциялари, ёш авлод вакилларининг жисмоний ва маънавий баркамоллигини таъминлаш, уларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида камол топтириш ҳамда бўш вақтини мазмунли уюштириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.


Шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган фуқаролар, айниқса, баркамол ўғил-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ҳақида атрофлича тушунтиришлар берилди. Жумладан, Европа давлатлари ва Японияда меҳнат қилиш тартиби, мавжуд талаблар ҳамда имкониятлар юзасидан иштирокчиларга зарур маълумотлар тақдим этилди.

Мазкур учрашувда яқинда спортнинг ёзги биатлон бўйича ўтказилган Наманган вилояти ҳокими кубоги мусобақасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритган Учқўрғон тумани ўқув спорт маскани спортчилари муносиб эътироф этилиб, уларга эсдалик совғалари улашилди.

Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати сифатида, Наманган давлат техника университетини тамомлаган олти нафар битирувчи ёшнинг бандлиги таъминланиб, улар ишга қабул қилинди.
Қолаверса, ташкилотда бўлажак ҳайдовчиларнинг амалий машғулотларини янада сифатли ташкил этиш мақсадида “Асака банк” билан тузилган шартномага кўра, имтиёз асосида харид қилинган замонавий иккита “Onix” ва битта “Kia” русумли ўқув автомобиллари тантанали равишда топширилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.