Мудом ҳикмат излаган шоир
Бухоро давлат университетида “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази томонидан Бухоро давлат университети, “Бухорийлар” масъулияти чекланган жамияти ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида бухоролик ижодкор Садриддин Салим Бухорий хотирасига бағишлаб адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Бухоро давлат университетида “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази томонидан Бухоро давлат университети, “Бухорийлар” масъулияти чекланган жамияти ҳамда бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида бухоролик ижодкор Садриддин Салим Бухорий хотирасига бағишлаб адабий-бадиий кеча бўлиб ўтди.
Тадбирда таниқли олим, “Нақшбандия” журнали бош муҳаррири Султонмурод Олим, истеъдодли ёзувчи Ашурали Жўраев, Бухоро шаҳридаги Хўжа Исмат жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Гадоев, шоир Тошпўлат Аҳмедов, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғибот маркази директори ўринбосари Зиёда Ғаффорова ва бошқалар сўзга чиқди.
– Садриддин Салим Бухорий ажойиб шоир, моҳир таржимон, олимликни даъво қилмаган бўлса-да, аслида зукко маърифатпарвар олим эди, – деди филология фанлари номзоди Султонмурод Олимов. – Садриддин Салим Бухорий мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб Бухоро заминида камол топган аждодларимиз – бебаҳо таълимоти комил инсон тарбияси билан боғлиқ алломалар силсиласини ташкил этувчи етти пир ҳаёти ва меросини ўрганиб, рисолалар битди. Яна бир муҳим жиҳати, унинг ҳар бир асарида ватанпарварлик жўш уриб туради ва бу туйғу сизни ҳам шунга ундайди.


Садриддин Салим Бухорий нафақат шариф шаҳар шоири, балки шариф шоиридир. У “Оқ қалдирғоч”, “Оқ қушим”, “Эрка қушим”, “Рўмолча”, “Ёруғлик одами” каби ўндан зиёд шеърий тўпламлар муаллифи. Унинг содда ва пурмаъно ҳамда самимиятга йўғрилган мисраларида ўзи туғилиб ўсган қадим маъво нафаси уфуриб туради.
Қадим Бухоронинг ҳар бир қарич ери муқаддас, унда қад ростлаган беназир меъморий ёдгорликлар мўътабар. Осори атиқаларда уни бунёд этган аждодларнинг меҳру муҳаббати мужассам. Шоир бир шеърида битади:
Бухоронинг обидалари
Ҳикмат эрур мозийдан, инон.
Буюкларни буюк айлаган
Эътиқоду эрк ҳамда иймон.
Анжуманда шоирнинг миллий шеъриятимизга қўшган ҳиссаси, унинг асарларида комил инсон, маърифат мавзулари тараннуми, бухоролик донишмандлар ҳаёти ва тарихи бўйича олиб борган тадқиқотлари тилга олинди.

Некбин инсон доимо ҳаётга муҳаббат билан қарайди, завқ туяди, кишиларга яхшилик соғинади. Садриддин шоир дунёдан ҳикмат излаган ва топган эди. Унинг шу ҳақдаги бир тўртлиги шу қадар машҳур бўлиб кетган эдики, ҳатто, бошқа машҳур шоирларга нисбат ҳам берилган эди:
Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.
Ким нени изласа, топгай бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.
Тадбирда шоирнинг сафдошлари, рафиқаси у билан боғлиқ хотиралари ҳақида гапирди. Унда Садриддин Салим Бухорийнинг ижодини кенг тарғиб этиш ва ўрганиш, хотирасини абадийлаштириш хусусида таклифлар билдирилди.
Анжуманда шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи видеофильм намойиш этилди. Талабалар ижросида шоир шеърлари асосида яратилган қўшиқлар янгради.
Адабий-бадиий кеча “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати тарғиботи марказининг Бухородаги дастлабки лойиҳаси бўлди. Бундай маърифий тадбирлар давом этади.