Муддатли ҳарбий хизматчилар илк бор тест синовларида иштирок этмоқда
Юртимизда 2026-2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовлари бошланди.
Бу йилги қабул жараёнлари нафақат минглаб ёшларнинг келажак сари муҳим қадами, балки мамлакатимиз таълим тизими ва ёшлар сиёсатида янги тарихий саҳифани очаётган муҳим воқеа сифатида эътиборга моликдир. Жорий йилда Ўзбекистон тарихида илк бор муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ёшлар ҳам хизматни ўташ даврининг ўзидаёқ олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этмоқда. Бу эса давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойилига асосланган ислоҳотларнинг амалий натижаси, ёш авлод манфаатларини таъминлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир.
Мазкур янгилик ёшларнинг билим олишга бўлган интилишларини янада рағбатлантириб, уларнинг вақтини самарали ташкил этиш, келажак режалари узлуксиз давом этишини таъминлаш ҳамда ҳарбий хизматдан кейинги ҳаётга пухта тайёргарлик кўришига замин яратади. Бу эса давлатимиз томонидан ёш авлоднинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган изчил сиёсатнинг яна бир ёрқин ифодасидир.
Шу муносабат билан Шимоли-ғарбий ҳарбий округининг Нукус ва Урганч гарнизонларидаги ҳарбий қисмлар, шунингдек, ҳудуддаги куч тузилмаларида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчилар учун тест синовларида муносиб иштирок этиш мақсадида барча зарур ташкилий ва амалий чоралар кўрилди. Ҳарбий хизматчилар белгиланган тартиб асосида тест синовлари ўтказиладиган ҳудудларга кузатилиб, уларнинг хавфсизлиги, ўз вақтида етиб бориши ҳамда синовларда хотиржам иштирок этиши тўлиқ таъминланди.
Жорий этилган тартибга мувофиқ, тест синовлари натижасига кўра олий таълим муассасасига талабаликка тавсия этилган муддатли ҳарбий хизматчилар хизматни ўташ даврида биринчи ўқув чорагини масофавий таълим шаклида ўзлаштиради. Ҳарбий хизматни муваффақиятли якунлагач эса улар ўқишга қабул қилинган олий таълим муассасасида иккинчи ўқув чорагидан бошлаб кундузги таълимни давом эттиради. Мазкур механизм ёшларнинг на хизматдан, на таълимдан ортда қолмаслигини таъминлайдиган замонавий ва оқилона ёндашув сифатида эътироф этилмоқда.
Бугун ҳарбий сафда турган ёшлар нафақат Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаётган жасур ўғлонлар, балки эртанги куннинг малакали муҳандислари, шифокорлари, педагоглари, ҳуқуқшунослари ва етук мутахассисларидир. Уларнинг билим олиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мамлакатимизнинг эртанги тараққиётига киритилаётган энг муҳим сармоялардан биридир.
Янги тизим ёшларни Ватанга садоқат, илмга интилиш ва юксак мақсадлар сари дадил одимлаш руҳида тарбиялашга хизмат қилади. Чунки кучли давлатнинг таянчи билимли, ватанпарвар ва фидойи ёшлардир. Ҳарбий хизмат билан олий таълимни уйғунлаштирган ушбу тарихий имконият эса ана шундай баркамол авлодни вояга етказиш йўлидаги муҳим ислоҳотлардан бири сифатида мамлакатимиз тараққиёти тарихида алоҳида ўрин эгаллайди.
[gallery-30466]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари