Муборак ҳайит намози адо этилди
Мамлакатимизда фуқароларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари, мусулмонларнинг ўз зиммаларидаги диний арконларни адо этишлари учун зарур барча шароитлар яратилган.
Бугун халқимизга мана шундай асрий орзулар рўёбини туҳфа этган улуғ неъмат – истиқлолимизга, тинч-осойишта ҳаётимизга шукроналик ҳар бир юртдошларимиз қалбида жўш урмоқда. Бугун, 9 июл куни эрта тонгда мамлакатимиз жоме масжидларида бўлгани каби Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган “Абдухолик Ғиждувоний” жоме масжидида ҳам Қурбон ҳайити намози ўқилди.
Ҳайит намозини адо этиш учун йиғилган намозхонларга қулайлик яратиш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилиб, масжидга туташ кўчалар вақтинча ёпилди, намозхонлар учун жой ажратилди. Ички ишлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари навбатчилиги ташкил этилди.
Ушбу масжидда ҳайит намозини кўтаринки руҳда адо этиш учун қулай шарт-шароитларни яратиб берилган.
Ҳайит намозига йиғилган барча мусулмонлар ушбу қутлуғ ва муқаддас байрам билан қутланиб, тинч ва осуда юртда яшаётганимиз, хотиржам ибодатлар қилаётганимиз учун шукроналар айтилди. Шунингдек, Қурбон ҳайити байрами фазилатлари борасида маъруза қилинди.
Хусусан, Қурбон ҳайити байрами тарихи, муқаддас ислом дини буюрган ибодатлар, Ўзбекистондаги ислом дини ривожи, маънавий қадриятлар юксалиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар, мамлакатдаги бугунги фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳияти ҳақида маърузалар ўқилди.
Қурбон ҳайитини муносиб нишонлаш, бу кунни улуғ байрам сифатида яхши кайфиятда ўтказиш лозимлиги таъкидланиб, мусулмонларнинг аҳли оилаларига совға-саломлар билан кириб боришлари тавсия этилди.
Шуҳрат Неъматов,
ЎзА