Муаммоли кредитлар 1,7 триллион сўмга кўпайди
Ўзбекистон банк тизимида кредитлаш ҳажми ўсишда давом этаётган бўлса-да, муаммоли кредитлар (NPL) миқдорининг ортиши ҳам долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июнь ҳолатига тижорат банкларининг жами кредит портфели 636 триллион сўмни ташкил этди. Бу йил бошидан буён кредитлар ҳажми қарийб 32 триллион сўмга ёки 5,3 фоизга ошганини кўрсатади.
Бироқ кредит портфели кенгайиши билан бир қаторда муаммоли кредитлар ҳажми ҳам ўсмоқда. Хусусан, йил бошида 18,1 триллион сўм бўлган муаммоли кредитлар ҳажми 1 июнь ҳолатига 23,6 триллион сўмга етди. Натижада банк тизими бўйича муаммоли кредитлар улуши (NPL) 3,0 фоиздан 3,7 фоизга кўтарилди.
Айниқса, май ойидаги ўсиш юқори бўлган. Бир ойнинг ўзида муаммоли кредитлар 21,9 триллион сўмдан 23,6 триллион сўмгача ошиб, 1,7 триллион сўмга кўпайган.
Таҳлилларга кўра, давлат улуши мавжуд банкларда муаммоли кредитлар ҳажми йил бошидаги 12,8 триллион сўмдан 16,7 триллион сўмгача ошган. Бу тоифадаги банкларда NPL даражаси 3,2 фоиздан 4,0 фоизга етган.
Хусусий ва бошқа тижорат банкларида ҳам муаммоли кредитлар ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Уларда мазкур кўрсаткич 5,2 триллион сўмдан 6,9 триллион сўмгача кўтарилиб, NPL даражаси 2,6 фоиздан 3,2 фоизга ошган.
Қайд этилишича, кредит портфелининг ўсиши иқтисодий фаолликнинг ортиши билан боғлиқ ижобий жараён бўлса-да, муаммоли кредитлар улушининг ошиб бориши банклар учун кредит таваккалчилигини самарали бошқариш, қарздорларнинг тўлов интизомини мустаҳкамлаш ҳамда кредит портфели сифатини яхшилаш чораларини янада кучайтиришни талаб қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА