Муаммоларга жойида ечим топилди
Аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш, уларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиб, амалий ечим топиш давлат идоралари фаолиятининг муҳим йўналишларидан бирига айланмоқда. Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятидаги Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган навбатдаги сайёр қабул ҳам айнан шу мақсадга хизмат қилди.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида ўтказилган қабулда вилоятдаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирок этиб, фуқаролар мурожаатларини тинглади.
Сайёр қабул давомида газ, электр энергияси, ичимлик суви, соғлиқни сақлаш, қурилиш, бандлик, кадастр, уй-жой ва бошқа ижтимоий соҳаларга оид жами 214 та мурожаат қабул қилинди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида атрофлича кўриб чиқилиб, жойида ҳал этиш мумкин бўлган масалалар юзасидан тезкор чоралар кўрилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича эса аниқ муддатлар белгиланиб, масъул раҳбарларга тегишли топшириқлар берилди.
Қабулда билдирилган барча мурожаатлар вилоят ҳокимлигининг Ижро назорати платформасига киритилиб, уларнинг ижроси доимий назоратга олинди. Бу мурожаатларнинг белгиланган муддатларда ижобий ҳал этилишини таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-30252]
Сайёр қабул якунида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов аҳоли мурожаатлари мазмунида сезиларли ижобий ўзгаришлар кузатилаётганини таъкидлади. Унинг қайд этишича, аввалги қабулларда асосан маиший муаммолар ва айрим ташкилотлар фаолиятидан норозиликка оид мурожаатлар устун бўлган бўлса, бугунги кунда жамоатчилик манфаатларига дахлдор масалалар кўпроқ кўтарилмоқда.
– Бу одамларимизнинг фуқаролик масъулияти ва дунёқараши юксалиб бораётганидан далолат беради. Энг муҳими, ҳар бир раҳбар аҳоли билан ишлаши, муаммоларни улар мурожаат қилмасидан олдин аниқлаб, бартараф этиши керак. Давлат хизмати, аввало, халқ хизмати демакдир, – деди вилоят ҳокими.
Қабул давомида бир қатор мурожаатлар шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Муддат талаб этадиган масалалар бўйича эса тегишли соҳа раҳбарларига аниқ вазифалар юклатилди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат) ЎзА