Муаммоларга манзилли ёндашув
Одамларни қийнаётган масалаларни жойида ўрганиш, мурожаатларга тезкор ечим топиш ва аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш — O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Янгиер шаҳрида ўтказилган навбатдаги сайёр қабулнинг асосий мақсади бўлди.
Қабул давомида фуқаролардан 56 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 38 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар юзасидан масъул ташкилот ва идораларга аниқ топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
Сайёр қабулда сенатор Покиза Аҳмеджанова, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гавҳар Олимова, O‘zLiDeP Сирдарё вилояти Кенгаши аппарати раҳбари Шоҳиста Бозорбоева, вилоят ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, партия фаоллари ҳамда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари иштирок этишди.

Мурожаатларнинг асосий қисми тиббиёт, таълим, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ таъминоти, маиший чиқиндиларни олиб чиқиш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига оид бўлди. Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, унинг ечими юзасидан масъулларга тегишли вазифалар белгиланди.

Сайёр қабул аҳоли учун нафақат мурожаат қилиш, балки ўз таклиф ва ташаббусларини билдириш имкониятини ҳам яратди. Хусусан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, ёш мутахассисларни ҳудудларга жалб қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда янги иш ўринлари яратишга доир таклифлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, муаммоларни кабинетда эмас, жойларда ўрганиш ва ҳар бир мурожаатга манзилли ёндашиш бундай сайёр қабулларнинг асосий мақсадидир. Бу эса фуқароларни қийнаётган масалаларни тезкор ҳал этиш, давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги очиқ мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Тадбир якунида мурожаатлар ижросини таъминлаш, аҳолини ўйлантираётган ижтимоий масалаларга ўз вақтида ечим топиш ҳамда ҳудудлардаги долзарб муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири