Муҳим транспорт артерияси
Ўзбекистон автомобиль йўллари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро аҳамиятга молик муҳим транспорт-коммуникация тармоқларидан ҳисобланади.
Ўзбекистон автомобиль йўллари нафақат мамлакатимиз, балки халқаро аҳамиятга молик муҳим транспорт-коммуникация тармоқларидан ҳисобланади.Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида автомобиль йўлларини қуриш, таъмирлаш ва уларни жаҳон андозаларига мослаштириш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда қарийб 2 минг километр автомобиль йўли, хусусан, Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирувчи 1,5 минг километрлик йўл барпо этилгани тармоқдаги ишлар кўламидан далолат беради.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида «Ўзавтойўл» давлат акциядорлик компанияси томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалга оширилган ишларга бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар ҳақида сўз борди.
Давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 6 мартдаги «2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида»ги қарори йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қарорга асосан Ўзбекистон миллий автомагистрали таркибига кирадиган автомобиль йўллари қисмлари ва умумий фойдаланишдаги йўлларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш, йўл ташкилотларининг моддий-техник базасини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар белгиланган. Хусусан, 2015-2019 йиллар мобайнида қарийб 3 минг километр узунликдаги йўлларда қуриш ва реконструкция ишлари амалга оширилади. Шу билан бирга, 4 минг километрдан зиёд хўжаликлараро йўллар, қарийб 2 минг километр шаҳар, қишлоқ ва туман кўчалари таъмирланиши, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлашни таъминлайдиган 993 жиҳоз ва йўл-қурилиш техникасини харид қилиш назарда тутилган.
– “Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси томонидан умумий фойдаланишдаги 42 минг километрдан зиёд автомобиль йўлларига хизмат кўрсатилмоқда, – дейди компания бошқаруви раисининг ўринбосари Шуҳрат Назаров. – Йил давомида автомобиль йўллари орқали узлуксиз ва хавфсиз транспорт қатновини таъминлаш, автомобиль йўлларини техник соз ҳолатда сақлашда компания таркибидаги 13 ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти, халқаро ва давлат аҳамиятига молик йўлларни сақлашга ихтисослаштирилган 7 минтақавий таъмирлаш-фойдаланиш корхонасининг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда.
Инвестиция дастурларига асосан жорий йилда 376,1 километр узунликдаги автомобиль йўлларини қуриш ва тўлиқ таъмирлаш кўзда тутилган.
Ўтган давр мобайнида 116,7 километрлик йўллар янгидан қурилди ва реконструкция қилинди, 34,9 километр йўл мукаммал таъмирланди. 670 километр йўл жорий таъмирдан чиқарилди.
Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.