Мўйсафидларнинг жамоавий дуоси ва уларга эҳтиром
Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
“Ал-Жазира” медиа тармоғи мухбири Мустафо Азрид юртимизга навбатдаги сафарида эзгу қадриятларимиз – Рамазон анъаналарига мурожаат қилибди.
– Ўзбеклар Рамазон ойида оила аъзолари, дўстлари, қўни-қўшниси билан бирга ифторлик қилишга одатланган, улар асрий анъаналарга қатъий амал қилади, – дея эътироф билан бошлаган у ўз мақоласини. – Ёшлар, одатда, ота-оналарини йўқлайди, жигарлари билан бир дастурхон атрофида тўпланади.

Муаллиф муқаддас ой баҳона қариндош-уруғ, қўни-қўшни ва маҳалла мўйсафидлари хонадонга, “оғиз очар”га таклиф қилиниши, ўзбекона дастурхон тузалишига алоҳида урғу берган.
Бизнинг сариёғ ва сут қўшиб тайёрланган патир нонимиз, кўк сомса-ю, нишолда, миллий таом ҳисобланмиш палов ҳамкасбимизни ром этган кўринади.
– Менда ҳайрат уйғотган яна бир удум шу бўлдики, дастурхон атрофида барча жам бўлгач, токи ёши улуғ, мўътабар инсон дуо билан тановулни бошлаб бермагунча, барча ҳурмат бажо келтириб, одоб билан кутаркан, – дейди Мустафо Азрид.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА