Мўйдинхўжаев профессионал боксдаги иккинчи ғалабасини тантана қилди
Англиянинг Донкастер шаҳрида ташкил этилган профессионал бокс оқшомида Олимпия ўйинлари олтин медаль соҳиби, 3 карра жаҳон чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев муваффақиятга эришди.
Жаҳон профессионал бокс ихлосмандлари эътиборида бўлган мазкур бокс кечасида ҳамюртимиз Асадхўжа Мўйдинхўжаев аргентиналик Алексис Торресга қарши рингга кўтарилди.
6 раунд этиб белгиланган жанг давомида Мўйдинхўжаев рақибига ҳақиқий "мастер-класс" кўрсатди. Маҳоратли боксчимизнинг тўлиқ устунлигида кечган жангда Асадхўжа ғалаба қозонди. Бу, “Париж-2024” Олимпиадаси ғолиби Мўйдинхўжаевнинг профессионал боксдаги иккинчи жанги сифатида ёдда қоладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Фарғона бокс мактаби тарбияланувчиси Асадхўжа Мўйдинхўжаев айни пайтда машҳур "Queensberry" промоутерлик компанияси билан ҳамкорлик қилмоқда. У профессионал боксдаги илк жангини 2025 йил ноябрь ойида Челябинск шаҳрида қозоғистонлик Айдос Тастаевга қарши ўтказиб, рақибини 2-раундда нокаутга учратганди.
Т.Рўзиев, ЎзА