Москвада осмон ўпар бино тепасига ҳаво мудофааси тизими ўрнатилди
Москвадаги “Nordstar Tower” бизнес маркази томига ҳаво мудофааси ускунаси ўрнатилди. Видео лавҳа вертолёт ёрдамида 42 қаватли иншоот устига “Панцирь-СМД-Э” туширилаётгани акс этган. Бундай қурилма асосан дронга қарши курашади.
Ушбу тизимнинг жанговар модули 7 км масофага уча оладиган 48 та ТКБ-1055 "Гвоздь" кичик ўлчамли ер-ҳаво ракетасини таший олади. Шунингдек, 20 кмгача масофадаги нишонни ушлашга қодир стандарт 95Я6 снарядини ҳам отиш имконига эга. Аниқлаш масофаси 24 км.
РФ пойтахтидаги энг баланд бинолардан бири ҳисобланган “Nordstar Tower” 2009 йил қуриб битказилган. Иншоотнинг умумий майдони 147 500 квадрат метр. Минора “Роснефть” билан чамбарчас боғлиқ “Регион” гуруҳига тегишли.
С.Раҳимов, ЎзА