Москва мудофааси: ортга чекинишга йўл йўқ
Андижон вилояти Хонобод шаҳри ҳокими Машъалбек Тожибоев, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамроҳлигида Қўрғонтепа тумани, Буюк Турон маҳалласида яшовчи, уруш фахрийси Одилжон ота Сиддиқов хонадонига ташриф буюрди.
Меҳмонлар Одилжон отани Буюк Ғалабанинг 76 йиллиги билан муборакбод этиб, унга совға-саломлар топширди.
Одилжон ота Сиддиқов 1925 йилда Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Султонобод маҳалласида таваллуд топган. Ўн етти ёшини қаршилаган 1942 йилнинг ёзида ҳарбий хизматга жўнаб кетган. Дастлаб, Москва шаҳри остонасидаги жангларда қатнашган.
Ўша пайтда айнан Москва остонасидаги ҳарбий ҳаракатларда қатнашган ҳарбийлар орасида қатъий қоида ҳукм сурган: “Ортга, чекинишга йўл йўқ”. Барча аскарлар қатори ана шу қатъий тартибга амал қилган Одилжон Сиддиқов аёвсиз жангларда қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди.

Сўнг Пенза, Сталинград шаҳарларини озод этиш учун бўлган жангларда қатнашади. Сталинград яқинидаги ҳарбий ҳаракатларда оёғидан қаттиқ яраланади. Маълум муддат даволаниб, яна ҳарбий хизматни давом эттиради.
Одилжон Сиддиқов 1947 йилда ҳарбий хизматни тамомлаб, ўз она юртига қайтиб келган. Узоқ йиллар мамлакатимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилиб, ҳозирда кексалик гаштини сураётган отахон фарзанд ва набиралари, маҳалладошлари, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Буюк Ғалабанинг 76 йиллиги арафасида кўрсатилган эҳтиромдан отахоннинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Одилжон ота юртимиз тинчлиги, ҳаётимиз тўкин ва фаровонлигини тилаб, дуо қилди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМУРЗОҚОВ (сурат),
ЎзА