Молиячилар тажриба алмашди
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида “Халқаро молия бозорларига интеграциялашув шароитида Ўзбекистон банк-молия соҳасини модернизациялашнинг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясида “Халқаро молия бозорларига интеграциялашув шароитида Ўзбекистон банк-молия соҳасини модернизациялашнинг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон банклари ассоциацияси ва Банк-молия академияси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, тижорат банклари ва халқаро молия институтлари вакиллари, хорижий экспертлар ҳамда иқтисодий соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ректори вазифасини бажарувчи А.Бекмуродов, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Ф.Умаров, Марказий банк раисининг ўринбосари А.Ҳайдаров, Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси лойиҳа мувофиқлаштирувчиси А.Насибов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалаётгани тижорат банкларининг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, улар фаолиятини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқишга замин бўлаётганини алоҳида таъкидлади.
Мамлакатимизда банклар капиталига қўшимча инвестициялар жалб этиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш, банк хизматларини янада кенгайтириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим ўрин тутмоқда.
“Банк мижоз учун” тамойили асосида халқаро стандартлар талабига мос равишда хизмат турларини кенгайтириш, қулай ишбилармонлик ва сармоявий муҳит яратиш орқали аҳоли ва хорижий сармоядорлар ишончи қозонилмоқда. Самарали кредит тизими ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлаётир.
Ўзбекистон банк-молия тизимидаги натижалар нуфузли халқаро молия институтлари томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Сўнгги йилларда “Moody’s”, “Standard & Poor’s” ва “Fitch Ratings” каби халқаро рейтинг агентликлари Ўзбекистон банк тизими фаолиятини “барқарор” деб тасдиқламоқда.
– Ўзбекистондаги барқарорлик, юксак макроиқтисодий кўрсаткичлар ва юқори малакали кадрлар хорижлик инвесторларнинг мамлакатингиз билан ҳамкорлик қилиш истаги ва имкониятларини тобора оширмоқда, – деди Корея Республикасининг Кеймюнг университети профессори Чун Кеун Жон. – Мамлакатларимиз бизнесменлари ҳамкорлигида қатор истиқболли қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани бунинг ёрқин далилидир. Банк-молия тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар самарасида мамлакатингизнинг ташқи иқтисодий муносабатлари тобора мустаҳкамланиб, халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб бораётир. Сўнгги йилларда жаҳондаги етакчи рейтинг компаниялари Ўзбекистон банк тизими фаолиятини “барқарор” деб баҳолаётгани эътиборга молик.
Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, хорижий инвесторлар ва кичик бизнес субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида банк тизими томонидан кенг кўламли ишлар ва самарали лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади.
– Ўзбекистон – улкан иқтисодий салоҳиятга эга мамлакат, – деди Япониянинг Кейо университети профессори Шигео Кашиваги. – Мамлакатингиз барча соҳалар қатори банк-молия тизимида ҳам улкан ютуқларни қўлга киритаётир. Ўзбекистондаги иқтисодий барқарорлик, қулай ишбилармонлик муҳити ва кредитлаш тизими хорижий сармоядорларнинг мамлакатингизга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда.
Конференцияда Ўзбекистонда банк назоратини такомиллаштириш ва банк тизимида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, иқтисодий ўсишни таъминлашда молия бозори салоҳиятидан фойдаланиш йўналишлари, тижорат банклари молиявий барқарорлигини таъминлашда солиқ имтиёзларининг аҳамияти, соҳада халқаро ҳамкорлик, жаҳон бозорларидаги глобал ўзгаришлар, иқтисодиётни модернизациялашда лизинг бозорининг тутган ўрни ва аҳамиятига оид маърузалар тингланди.