Молдова МСК ҳам Майя Сандунинг ғалабасини эълон қилди
Молдованинг собиқ бош вазири, "Ҳаракат ва бирдамлик" партияси етакчиси Майя Санду мамлакат президентлиги учун бўлиб ўтган сайловларнинг иккинчи босқчида ғалаба қозонгани ҳақида ЎзА хабар берган эди.
Республика Марказий сайлов комиссияси барча варақаларни кўриб чиққач, ушбу маълумотни тасдиқлади.
Якуний натижаларга кўра, Санду 57,75, унинг рақиби — амалдаги президент Игорь Додон эса 42,25 фоиз овоз тўплагани маълум қилинди.
МСК раиси ўринбосари Владимир Шарбан сайлов давомида ҳеч бир жиддий қоидабузарлик кузатилмаганини ҳам қўшимча қилган.
Майя Санду Молдова президенти сайловларида ғалаба қозонгандан кейинги дастлабки телефон орқали мулоқотини Руминия давлати раҳбари Клаус Йоханнис билан ўтказди ва икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга тайёр эканини изҳор қилди.
“Майя Санду президентлик лавозимини эгаллагач, Руминия билан алоқаларни тиклаш ва мустаҳкамлаш учун мунтазам саъй-ҳаракат олиб боради” – дейилган Санду раҳбарлигидаги "Ҳаракат ва бирдамлик" партияси матбуот хизмати хабарномасида.
Санду ўз навбатида президент Йоханнисга қутлов йўллагани учун миннатдорлик билдирди ва давлатлараро муносабатларни стратегик шериклик ва Европа билан интеграциялашув жараёнини фаоллаштириш орқали янги босқичга кўтаришга тайёрлигини таъкидлади.
ОАВ хабарига қараганда, Игорь Додон мағлубиятини тан олиб, рақибини ғалабаси билан табриклаган.
"Натижалар Майя Санду ғолиб чиққанини кўрсатмоқда. Мен уни дастлабки ютуғи билан қутлайман, аммо сайлов жараёнидаги сўнгги нуқта қоидабузарликлар тўғрисидаги хабарлар текшириб чиқилгандан кейингина қўйилади", – деди Додон брифинг чоғида.
Айтилишича, унинг штаби республика президентлиги сайлови жараёнида сон-саноқсиз қоида бузилиши содир бўлганини қайд этган.
Игорь Додон ўзини қўллаб-қувватлаган инсонлар овозини ҳимоя қилиш бурчи эканини эътироф этган.
"Биз овоз бериш натижаларини текшириш учун мавжуд барча қонуний имкониятлардан фойдаланамиз. Сайловда мени ёқлаб овоз берган фуқаролар қарорини ҳурмат ва муҳофаза этишим шарт", – деди Додон.
Амалдаги президент ўз лавозими мажбуриятларини 23 декабргача бажаришда давом этишини таъкидлади. Шундан сўнг, агар Конституциявий суд сайлов натижаларини ҳаққоний, деб топса, Сандунинг инаугурацияси ўтказилиши мумкин. Шунингдек, Додон мамлакат ҳали пандемия қуршовида эканлигини эслатиб, шу муносабат билан сиёсатчиларни сайлов кампаниясидан кейин тинчликни сақлаш ва дарҳол ишга қайтишга чақирди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, мазкур брифингда Молдованинг амалдаги президенти Игорь Додон ўзини ёқлаб овоз берганлардан ҳам, Санду тарафдорларидан ҳам норозилик намойишига чиқмасликларини сўради.
"Мен ўзимнинг барча тарафдорларимдан турли фитналарга учмаслик ва кўчаларга чиқмасликни илтимос қиламан. Қолаверса, Майя Сандуга ҳам ўз тарафдорларини тинчлантиришга, кўчаларга чиқмасликка ундашини сўраб, мурожаат қиламан. Барчани хотиржамликка чақираман, бизга вазият издан чиқиши керак эмас. Шу билан бирга сайлов натижаларига нисбатан норозилик жараёнида ҳам барча қонуний босқичлардан ўтишимиз зарур", – дея қўшимча қилган Додон.

Ғайрат ХОНАЗАРОВ, ЎзА