"ММХ PRO" компаниясига пресс-тур (+видео)
Гулистон шаҳрининг Буюк келажак маҳалласи ҳудудида жойлашган, полипропилен қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган "ММХ PRO" компаниясига пресс-тур ташкил этилди.
Дастлаб иштирокчилар тадбиркорнинг 20 миллиард, тижорат банкларининг 30 миллиард сўм миқдоридаги кредит маблағи ҳисобига 2022 йилда ишга туширилган корхона фаолияти билан танишди.
–Лойиҳа учун зарур бўлган ускуналар Хитой ва Австрия давлатларидан келтирилган бўлса, полипропилен қоп ишлаб чиқариш учун кетадиган хомашё Россия, Хитой, Туркманистон ва ўзимиздаги ишлаб чиқариш корхоналаридан келтириляпти,–дейди корхона иш юритувчиси Алибек Ҳайдаров.–Ишчилар тўғрисида гапирсам, уларга "устоз шогирд" анъанасига мувофиқ бир ой давомида иш ўргатилади. Ундан кейингина улар мустақил ўз иш фаолиятини бошлайди.
Корхонада бир кунда конвер усулда юз- юз йигирма минг дона полипропилен иплардан мустаҳкам қоплар тайёрланади. Буюртмага қараб ранг берилади. Ташкилотнинг бренди туширилади. Бу ишларнинг деярли катта қисмини автоматлаштирилган замонавий дастгоҳлар бажаради.
–Корхонамиз ишга тушган вақтда 30-40 нафар маҳаллий ёш иш билан таъминланган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 120 нафардан ошиб кетди,–дейди компания раиси Қобулжон Тўраев.– Ҳозирги кунда корхонани кенгайтириш, янги ишлаб чиқариш қувватларни олиб келиш, ишга тушириш борасида иш олиб боряпмиз. Режаларимиз амалга ошса, ишчиларимиз сони 120 нафар эмас, 200 нафардан ошади. Энг асосийси, “MMX-PRO” бренди остида бир ойда 250 тонна, яъни 7 миллиард сўмлик полипропилен қоп ишлаб чиқарилади. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларимизнинг асосий харидори МДҲ давлатлари ҳисобланади. Шу боисдан экспорт масаласига жиддий эътибор қаратяпмиз.
Аҳамиятлиси, корхона тоза ва озода. Ишчи- хизматчилар ишлаши, бўш вақтларда дам олиши учун барча шарт-шароит яратилган. Иш икки сменада ташкил этилгани боис, икки маҳал иссиқ овқат ташкил этилган.
—Корхонага ишга ўтганимга кўп бўлмади.–дейди гулистонлик Шерзод Абдуқодиров.–Аммо бу соҳада ишламаганим боис, "Устоз-шогирд" анъанаси асосида касб сирини ўргандим. Иш ҳам қийинмас, асосий ишни биз эмас, замонавий ускуналар бажаради.
"ММХ PRO" компаниясига ташкил этилган пресс-турда Гулистон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайрат Ботиров ҳам иштирок этиб, Гулистон шаҳрининг саноат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, иқтисодиёт тармоқларига юқори технологияларни кенг жорий этиш, инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш, экспортни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталди.
[gallery-21640]
–Ўтган 2024 йилда Гулистон шаҳрида 674 млрд. сўмдан зиёд бўлган 163 та лойиҳа амалга оширилди. Бунинг натижасида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури 44 тага етиб, 421,2 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Шундан 32,4 млн долларлик маҳсулотлар Россия, Хитой, Покистон, Қозоғистон, Афғонистон каби давлатларга экспорт қилинди. Бу борада полипропилен қоп ишлаб чиқаришга ихтисослашган "ММХ PRO" компаниясининг алоҳида ўз ўрни бор. Энг асосийси, ушбу ишлар самарасида 3 мингдан зиёд иш ўрни яратилиб, ишсиз ва касб-ҳунарсиз ёшлар иш билан таъминланди,–деди ҳоким ўринбосари.
<iframe width="789" height="444" src="https://www.youtube.com/embed/AojHRKuJ0Xw" title=""ММХ PRO" kompaniyasiga press-tur" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат, видео), ЎзА мухбирлари