«Мижозбай» ўрганиш самаралари
Тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, уларга тўсиқ бўлаётган муаммоларни «мижозбай» ўрганиш мақсадида Бухоро вилояти божхона бошқармаси томонидан муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Тадбиркорларга сифатли хизмат кўрсатиш, маслаҳат бериш, жойларда уларнинг фаолиятини амалга оширишга тўсиқ бўлаётган муаммоларни «мижозбай» ўрганиш ва тезкорлик билан ҳал этиш бўйича вилоят божхона бошқармасида ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан «Қоракўл» ТИФ божхона постига қарашли ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари билан корхоналарнинг ўзида учрашувлар ташкил этилди.

Учрашувда бошқарма раҳбарияти ҳамда пост ходимлари ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ТИФ соҳасидаги муаммоларини ўрганди.
Божхона соҳасида сўнгги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан ҳам тадбиркорларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Бу каби тадбирлар мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шароит ва имкониятлар яратиш, пировардида, халқимизнинг фаровон ҳаёт кечириши, бугунги кунидан рози бўлиб, эртанги кунига янада катта ишонч пайдо бўлишига хизмат қилади.

Учрашув якунида мазкур корхоналар томонидан ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келаётган, жумладан, божхона расмийлаштируви билан боғлиқ бўлган масалалар юзасидан Давлат божхона қўмитасининг қисқа рақамли 11-08 ҳамда вилоят божхона бошқармасининг (65)221-60-00 «Ишонч телефони»га мурожаат қилишлари мумкинлиги қайд этилди.
Зариф Комилов, ЎзА