Михаил Галузин: тўғридан-тўғри алоқалар барқарор иқтисодий занжир яратади
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз халқаро савдо маркази” эркин савдо зонасида “Ўзбекистон-Россия: Евросиё маконида стратегик шериклик” мавзуига бағишланган халқаро конференцияни ёритаётган оммавий ахборот воситалари вакилларига Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин интервью берди:
– Ўзбекистонлик ҳамкасбларим менга ўзларининг таърифи билан айтганда бетакрор Сурхондарё воҳасининг гўзал қиёфаси ва бой иқтисодий салоҳиятини кўрсатишди. Албатта, ҳудудда барпо этилган ва ҳозир биз турган мана шу савдо маркази лойиҳасига юқори баҳо берса арзийди. Марказ Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида иқтисодий-савдо алоқаларини кенгайтириш ва Евроосиё маконида стратегик шерикликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган савдо зонасига айланади.
Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан ташкил этилган халқаро савдо маркази узоқни кўзлаган стратегик қадам ва халқчил сиёсатнинг амалдаги самарасидир. Бу ерда ўзбек, афғон тадбиркорлари ўз маҳсулотлари ва лойиҳаларини тақдим этаётгани Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистон билан товар айирбошлашини ўстиришга хизмат қилмоқда. Менимча ҳозир савдо ҳамкорларингиз ўртасида Афғонистон бешинчи ўринда турибди.
Россия ҳудудлари ва тадбиркорлари ҳам бу лойиҳага катта қизиқиш билдираётгани қувонарли ҳолат. Менимча ҳозир Россиянинг қатор ўлкалари, жумладан, Новосибирск вилояти, Татаристон Республикаси ҳамкорликда ишламоқда. Ўзаро манфаатли савдо лойиҳаларини амалга ошириб, ўз маҳсулотларини хорижга чиқармоқда ва зарур маҳсулотларни олиб келмоқда. Мен тадбиркорларимиз учун ўзаро манфаатли бу ишларнинг янада кенгайиши тарафдориман. Бугунги халқаро анжуман ҳам бу каби ҳамкорлик алоқаларимизни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Чунки, тўғридан-тўғри алоқалар барқарор иқтисодий занжир яратиб, бизнес ва инвестициялар учун янги имкониятларни юзага келтиради.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири