Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мис бойитиш фабрикасини ишга тушириш маросими бўлиб ўтмоқда.
Бу йилнинг ўзида ишга тушадиган лойиҳалар ҳисобга олинса, мисни чуқур қайта ишлаш қувватлари 240 минг тоннага етади. Яқин икки-уч йилдаги янги лойиҳалар ҳисобига қувватлар бундан ҳам ошади.
Дунёда ҳам мазкур хомашёга бўлган талаб кундан кунга ортиб бораётгани таъкидланди. Чунки мис бугунги кунда саноат, энергетика, электротехника, рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект, “яшил” тараққиёт учун стратегик хомашёга айланиб бўлди.
— Кимки мис саноатида юқори қиймат занжирини яратса, келажак саноатини барпо этган бўлади. Қайси давлат бу хомашёни чуқур қайта ишлаш учун кучли инфратузилма яратса, у минглаб оилаларга даромад, ҳудудларга тараққиёт, мамлакатга қудрат олиб келади. Шу боис, биз ислоҳотларимизнинг илк кунларидан геология-қидирув ишларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд захиралар ва уларни ишга солиш бўйича имкониятларимизни белгилаб олдик, – деди Президентимиз.
Мисол учун, “Ёшлик-1” кони. Яқин-яқингача кўпчилик “Бу конни ўзлаштириш қийин, имкониятимиз етмайди, эплай олмаймиз” деб ўйларди. Ваҳоланки, жорий йилнинг ўзида ушбу кондан 20 миллион тонна руда қазиб олинади. Бу рақам келгуси икки йилда 60 миллион тоннага етади.
ЎзА