Мирзачўлда “Ёш чегарачилар” мусобақаси ўтказилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах вилоятида “Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг Мирзачўл туман босқичи бўлиб ўтди.
Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисм томонидан туман ҳокимлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбир чегараолди ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг ҳарбий соҳага бўлган қизиқишини ошириш, шунингдек, жисмонан соғлом ва юрт сарҳадларини ҳимоя қилишга қодир авлодни камол топтиришга қаратилган.
Мусобақада Мирзачўл туманидаги умумтаълим мактабларининг 10–11-синф ўқувчиларидан тузилган 8 та жамоа иштирок этди.
Низомга мувофиқ, иштирокчилар 13 та шарт бўйича беллашдилар. Дастлаб жамоаларнинг саф кўриги, махсус кийим-бошлари, ҳарбий варақа ва альбомлари баҳоланди. Шунингдек, жанговар автоматни қисмларга ажратиш ва йиғиш, турникда тортилиш, граната улоқтириш, югуриш каби шартлар ёшлардан юқори жисмоний тайёргарлик ва чаққонликни талаб этди.
— Мазкур мусобақа биз каби чегараолди ҳудуд ёшлари учун нафақат жисмоний синов, балки маҳорат ва масъулият мактаби бўлди, - дейди мусобақа иштирокчиси, 8-сон умумтаълим мактаби ўқувчиси Холида Отажонова. — Айниқса, сафда юриш ва ҳарбий интизом шартлари Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга бўлган ҳурматимизни янада оширди. Бугунги баҳсларда жамоамиз иккинчи ўринни эгаллаган бўлса-да, бу мусобақа биз учун катта тажриба бўлди. Келгусида янада яхши натижаларга эришишга интиламиз.
[gallery-28314]
Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, 15-сон умумтаълим мактабининг “Қалқон” жамоаси ғолиб деб топилиб, мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олди. Иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда 8-сон умумтаълим мактабининг “Ватанпарвар” ҳамда 14-сон умумтаълим мактабининг “Ёш чегарачилар” жамоаларига насиб этди.
Таъкидлаш жоиз, бундай мусобақалар ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамоавийлик ва қатъиятлилик сифатларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндор жамоалар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жамшид ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА