«Мираброр Усмонов кубоги-2026» хотира турнири якунига етди
ФОТОРЕПОРТАЖКеча пойтахтимиздаги «Пахтакор» марказий стадионида футбол бўйича «Мираброр Усмонов кубоги-2026» хотира турнирининг сўнгги, ҳал қилувчи учрашуви бўлиб ўтди.
Марҳум футбол арбоби, Ўзбекистон футболини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшган Мираброр Усмонов хотирасига бағишланган мусобақанинг финал учрашувида Ўзбекистон ва Россия терма жамоалари майдонга тушди.
Кескин ва муросасиз кечган беллашувда жамоалар ғалаба учун бор имкониятини ишга солди. Якунда Россия терма жамоаси 2:1 ҳисобида зафар қучиб, «Мираброр Усмонов кубоги-2026» хотира турнири ғолибига айланди.
Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани иккинчи, Саудия Арабистони терма жамоаси эса учинчи ўринда якунлади.
[gallery-31807]
Турнир якунига кўра, мусобақада ўз маҳорати билан ажралиб турган футболчиларга қатор махсус номинациялар бўйича совринлар топширилди. Жумладан, «Энг яхши тўпурар», «Энг яхши дарвозабон», «Энг яхши футболчи» ҳамда «Энг яхши ёш футболчи» номинациялари ғолиблари тақдирланди.
Шу тариқа, бир неча кун давомида футбол мухлисларига қизиқарли ва шиддатли учрашувларни тақдим этган «Мираброр Усмонов кубоги-2026» хотира турнири ўз якунига етди.
Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА