Мингячевир регатасида Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди
Озарбайжонда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Мингячевир регатаси» халқаро мусобақаси ўз якунига етди.
Бу йилги регата иккинчи маротаба Физули шаҳридаги “Кендаланчай” сув омборида старт олди. Мусобақанинг кейинги икки кунлик баҳслари Мингячевир шаҳридаги «Кюр» Олимпия ўқув-спорт марказида давом этди.
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш ҳамда академик эшкак эшиш йўналишларида ўтказилган баҳсларда 12 мамлакатдан 100 нафардан зиёд спортчи иштирок этди. Унда Озарбайжон, Ўзбекистон, Чехия, Грузия, Венгрия, Қирғизистон, Латвия, Литва, Молдова, Тожикистон, Туркия ва Украина вакиллари ғолиблик учун баҳс олиб борди.
Мусобақа якунларига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин Ўзбекистон терма жамоасига насиб этди. Жумладан, байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларида спортчиларимиз 7 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медални қўлга киритди. Академик эшкак эшишда эса вакилларимиз 2 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медалга сазовор бўлди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 9 та олтин, 6 та кумуш ва 3 та бронза — жами 18 та медаль билан якунлади.
Умумжамоа ҳисобида мезбон Озарбайжон терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Уларнинг байдарка ва каноэда эшкак эшишдаги натижаси 6 та олтин, 4 та кумуш ва 8 та бронза, академик эшкак эшишда эса 1 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медални ташкил этди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА