Минг хил салқин ичимликлар
Бу дунёда жамики жонзод сув билан тирик. Айниқса, ҳозирги иссиқ кунларда салқин ичимликларга эҳтиёж янада ортади. Чанқасак, исталган дўконга кириб қадоқланган сув ёки шарбат олиб ичамиз. Дўкону бозорларда турли салқин ичимликлар тахлаб қўйилган.
Бу дунёда жамики жонзод сув билан тирик. Айниқса, ҳозирги иссиқ кунларда салқин ичимликларга эҳтиёж янада ортади. Чанқасак, исталган дўконга кириб қадоқланган сув ёки шарбат олиб ичамиз. Дўкону бозорларда турли салқин ичимликлар тахлаб қўйилган.Бунинг нимаси ажабланарли, дерсиз. Тўғри, бундай мўл-кўлчилик ҳозир ҳар бир жабҳада, ҳамма жойда оддий ҳолга айланган. Лекин ҳар доим шундай бўлганми? Гап ана шунда...
– 1985 йил кенжа ўғлимни уйлантирадиган бўлдик, – дейди ғаллаороллик Абдували Туронов. – У пайтларда тўйга газли сув қўйиш у ёқда турсин, ичишга топиш амримаҳол эди. Жиззахдан тополмай Тошкентга келдим. Салқин ичимликларнинг лимонад ва «Тошкент суви» деган икки хили бўларди, холос. Шу ҳам етишмасди... Бугун юзлаб яхна ичимлик бор. Шифобахш булоқ суви дейсизми, мева шарбатлари дейсизми, экологик тоза ичимликлар бозор расталарида, савдо шохобчаларида кўзни қувнатиб турибди. Аввалгидек топилганини эмас, хоҳлаганингизни xарид қиласиз. Буюртма асосида уйга ҳам олиб келиб бериш хизмати йўлга қўйилган. Буларнинг ҳаммаси мустақиллигимиз шарофатидан.
Иқтисодиёт вазирлигининг маълумотларига кўра, мамлакатимизда салқин ичимликлар ишлаб чиқарадиган олти юздан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган бу корхоналарда юздан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 31 октябрдаги “2012-2015 йилларда республика озиқ-овқат саноатини бошқаришни ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу жараёнда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Family”, “Bonaqua”, “Shaffof”, “Silver”, “Baraka”, “Arktika”, “Montella”, “Nestle”, “Hydrolife” каби ичимлик сувлари, “Aqua Marin”, “Kavsar”, “Arctea”, “Libertea”, “Ays”, “Bayce”, “Dinay”, “Smile” ва бошқа номлардаги сифатли салқин ичимликлар, “Hey!”, “Bliss”, “Сочная долина”, “Dena”, “Meva”, “Dolce” каби шарбатлар юртдошларимиз томонидан севиб истеъмол қилинади. “Master Global Plyus”, “Yevro fud treyd”, “Agromir-Samarqand”, “Fense”, “Fuse tea” каби йирик корхоналарда юртимизда етиштирилаётган мева-сабзавотлардан турфа шарбатлар, консерва маҳсулотлари, яхна чойлар ва сувлар ишлаб чиқарилмоқда.
Бугун дўконларимизда таклиф этилаётган маҳсулотлар энг нозиктаъб харидорга ҳам манзур бўлади. Бу ичимликлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга.
Юртимизда шифобахш минералларга бой ер ости суви манбалари жуда кўп. Инсон саломатлиги учун фойдали микроэлементларга бой бундай сувларни қадоқлаб, аҳолига етказиш изчил ривожланмоқда. Минерал сувлар ишлаб чиқарадиган кўплаб корхоналар муваффақиятли иш олиб бормоқда. “Fruitjuise” масъулияти чекланган жамияти шулардан бири.
2015 йилда ўз фаолиятини бошлаган мазкур корхона истеъмолчилар ишончини қозониб улгурган. Иш жараёнида чет элдан келтирилган илғор технологиялар қўлланилаётгани маҳсулотнинг юксак сифатини таъминлашга хизмат қилмоқда. “Fruitjuise”да фаолият юритаётган малакали мутахассислар маҳсулотнинг қамрови ва турини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ерда катталар ва болалар учун шифобахш маъданли сувлар ишлаб чиқарилади. “Tянь-Шань” номи остида тайёрланаётган, тетиклантирувчи хусусиятга эга, инсон соғлиғи учун зарур микроэлементларга бой бундай сувларга талаб юқори. Корхонада бежирим ва ўзига хос усулда турлича қадоқланаётган маҳсулотни хонадонларга ва ташкилотларга етказиб бериш йўлга қўйилган.
Пойтахтимиздаги “Green World” Ўзбекистон – АҚШ – Жанубий Корея қўшма корхонасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан турли шарбатлар, мураббо, шинни ва консерваланган тузламалар тайёрланади. Бежирим қадоқланаётган мева шарбатлари юқори сифати, хуштаъмлиги ва табиийлиги билан ажралиб туради.
– Корхонамиз 1999 йили ўз фаолиятини бошлаган, – дейди “Green World” қўшма корхонаси раҳбари Аваз Исмоилов. – Маҳсулотларимиз юз фоиз табиий, барча зарур витаминларга бой. Бу моддалар организмда қанчалик кўп бўлса, ўзимизни шунчалик бардам сезамиз. Бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудларига мева шарбатлари ва ўн турдаги консерваланган маҳсулотларни етказиб бермоқдамиз. Шу билан бирга, Жанубий Корея, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа кўплаб давлатларга маҳсулотларимизни экспорт қилмоқдамиз. Хорижда маҳсулотларимизга талаб кун сайин ортмоқда.
Шифокорларнинг айтишича, витаминларга бой шарбатлар инсон организмидаги иммунитетни оширишга ва стресс ҳолатининг олдини олишга ёрдам беради. Уларнинг модда алмашинувини яхшилаши илм-фанда исботланган.
Юртимиздаги бундай мўл-кўлчилик истиқлол шарофати, Президентимиз раҳнамолигида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.