Минерал ресурслар институти Хитой компанияси билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда
“Минерал ресурслар институти” давлат муассасаси ва Хитойнинг “Шэнси ядро саноати гуруҳи” таркибидаги “218-бригада” компанияси вакиллари ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Унда геология соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, инновацион технологияларни жорий этиш, мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда қўшма илмий-амалий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари хусусида сўз борди.
Томонлар, шунингдек, кадрлар малакасини ошириш, замонавий технологияларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш жараёнларига татбиқ этиш, илмий изланишларни биргаликда олиб бориш ҳамда қўшма лаборатория ташкил этиш масалалари бўйича фикр алмашди.
Таъкидланганидек, бундай ҳамкорлик геология соҳасида илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, инновацион технологияларни кенг жорий этиш, илғор тажрибалар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун янги имкониятлар яратади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ахборот хизматига кўра, учрашув якунида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб берувчи ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА