Миллий терма жамоамиз бугун Нидерландия билан ўйнайди
Айни пайтда футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ўз тарихида илк бор иштирок этадиган Жаҳон чемпионатига тайёргарликни Нью-Йорк шаҳрида давом эттирмоқда. Терма жамоа бош мураббийи Фабио Каннаваро футболчиларнинг жисмоний ҳолатини юқори даражада сақлаб туриш, техник-тактик ҳаракатларни такомиллаштириш ҳамда жамоавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган машғулотлар ташкил этмоқда.
Ушбу йиғин доирасида миллий терма жамоамиз бугун, 8 июнь куни Нидерландия миллий терма жамоасига қарши ўртоқлик учрашувини ўтказади. Беллашув Нью-Йорк шаҳридаги "Icahn Stadium" стадионида Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.

Бугун бўлиб ўтадиган учрашув олдидан жамоалар расмийлари иштирокида техник йиғилиш ўтказилди. Унда ўйинни ташкил этиш, регламент талаблари ҳамда бошқа ташкилий масалалар юзасидан тушунтириш ва эслатмалар берилди.

Йиғилиш давомида жамоаларнинг ўйин учун либослари ҳам тасдиқланди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси футболчилари баҳсда тўлиқ кўк рангли либосда майдонга тушади. Дарвозабон эса яшил рангли либосда ҳаракат қилади.

Дунёнинг етакчи жамоасига қарши ўтказиладиган мазкур баҳс миллий терма жамоанинг тактик ва жисмоний ҳолатини баҳолаш, шунингдек, мураббийлар штаби учун таркиб ва ўйин услубини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Маълумот учун, миллий терма жамоамиз мундиалда “К” гуруҳида иштирок этади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА