Миллий спорт майдонида муносиб натижа
Пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек номидаги Миллий боғ ҳудудида “Uzbek Ethno Games” этноспорт фестивали доирасида вазирлик ва идоралар ходимлари ўртасида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Мазкур фестиваль соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, жамоалар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда миллий спорт турларини оммалаштиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Мусобақа дастуридан армрестлинг, кураш, тош кўтариш, арқон тортиш, камондан ўқ отиш ҳамда мас-рестлинг спорт турлари ўрин олди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия, Ички ишлар вазирлиги, Божхона қўмитаси, Спорт вазирлиги ҳамда бошқа республика ташкилотларида фаолият юритувчи 400 нафарга яқин ходим иштирок этди.

Мусобақа якунларига кўра, 1-ўрин Мудофаа вазирлиги ходимига, 2-ўрин Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ходимига, 3-ўрин Божхона қўмитаси ходимига насиб этди.

Фестиваль давлат ташкилотлари ходимлари ўртасида дўстлик, бирдамлик ва соғлом рақобат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА