Миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлаштириш жараёни қандай кетмоқда?
Мамлакатимизда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсади йўлида кенг кўламли ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бу борада ЖСТ аъзолари томонидан Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ жадал ислоҳотлар амалга оширилаётгани ижобий эътироф этилмоқда.
ЖСТга аъзолик Ўзбекистон иқтисодиёти ривожида алоҳида аҳамиятга эга ҳисобланади. Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун, аввало, миллий қонунчилимизни халқаро савдо ҳуқуқининг умумэътироф этилган қоидаларига мувофиқлаштириш, мукаммал ҳуқуқий асосларни шакллантириш лозим бўлади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссияси томонидан ўтказилган давра суҳбатида айни масалалар муҳокама қилинди.

“Савдодаги ҳимоя чоралари бўйича миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқ такомиллаштиришнинг долзарб масалалари” мавзуидаги тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Қонунчиликни ЖСТ битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссияси раиси Раҳимжон Ҳакимов Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни доирасида кўп ва икки томонлама музокараларда салмоқли натижаларга эришилаётганини қайд этди.
Таъкидланганидек, Қонунчилик палатасида Қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилоти битимларига уйғунлаштириш бўйича комиссия фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Комиссиянинг асосий вазифаларидан бири Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлигини ўрганиш, бу борада парламент назоратини амалга ошириш, шунингдек, давлат органлари ва экспертлар билан ҳамкорликда зарур таклифларни ишлаб чиқишдан иборат.

Қайд этилганидек, Комиссия томонидан биргина 2025 йил давомида Қонунчилик палатасига киритилаётган 14 қонун лойиҳаси Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди. Тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда муҳокамалар, давра суҳбатлари, илмий-амалий конференциялар ҳамда семинарлар ташкил этилди. 2026 йилнинг дастлабки даврида ҳам санитария ва фитосанитария чоралари, лицензиялаш, рухсат бериш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш, техник тартибга солиш, маҳсулотларнинг умумий хавфсизлиги ва бозор назорати билан боғлиқ қонун лойиҳалари ЖСТ талабларига мувофиқлиги жиҳатидан кўриб чиқилди.

Давра суҳбатида савдодаги ҳимоя чоралари бўйича миллий қонунчиликни такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари, шунингдек, келгусида Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилиши кутилаётган демпингга қарши, компенсация ва махсус ҳимоя чоралари тўғрисидаги қонун лойиҳалари юзасидан ягона ёндашувларни шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Депутатлар томонидан савдодаги ҳимоя чоралари соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш, қонун лойиҳаларини парламент муҳокамасига пухта тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнда экспертлик ва илмий-таҳлилий кўмакни кучайтириш юзасидан таклифлар билдирилди. Бу борадаги вазифалар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА