Миллий қадриятдан иқтисодий қудратга
Азалдан Бухоро нафақат илм-фан ва маърифат маркази, балки ноёб ҳунармандчилик мактаблари билан ҳам дунёга машҳур бўлган. Асрлар давомида шаклланган кулолчилик, заргарлик, каштачилик, мисгарлик ва бошқа халқ амалий санъати намуналари халқимизнинг бой маданий мероси сифатида қадрланиб келади. Бугунги глобаллашув даврида ушбу бебаҳо меросни сақлаб қолиш, уни замонавий иқтисодий муносабатларга мослаштириш ва ҳунармандлар меҳнатининг ҳақиқий қадрини ошириш муҳим вазифалардан бирига айланмоқда.
Ана шу мақсадда Бухоро шаҳрида “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ташаббуси билан “Миллий қадриятлар асосидаги иқтисодий фаолиятни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳунармандчилик анъаналарини замонавий брендинг ва самарали сотув йўллари орқали сақлаб қолиш” мавзусида йирик ўқув-семинар ташкил этилди.
Нодир Девонбеги мадрасасида бўлиб ўтган тадбирни “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров очиб берди. У ўз нутқида ҳунармандчилик соҳаси вакиллари миллий қадриятларнинг ҳақиқий муҳофизлари эканини таъкидлаб, партия томонидан уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Хусусан, яқинда қабул қилинган қонун муҳокамалари жараёнида ҳунармандчилик маҳсулотларини саноат товарлари қаторига киритиш ва уларни бир хил солиққа тортишга қарши қатъий позиция билдирилгани ҳам ҳунармандлар манфаатини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилди.

– Бугун дунёда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Ҳунармандлар ўз меҳнатига муносиб даромад олиши ва улар учун кенг бозор имкониятлари яратилиши зарур. Биз бу йўналишда уларнинг яқин ҳамкори ва ишончли таянчи бўлиб қоламиз, – деди партия раҳбари.
Мазкур лойиҳа дастлаб Қорақалпоғистон Республикасида амалга оширилиб, ҳунармандлар, тадбиркорлар ва соҳа мутахассислари томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган эди. У ерда билдирилган таклифлар, амалий тавсиялар ва эришилган ижобий натижалар лойиҳани мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом эттириш зарурлигини кўрсатди.
Бухорода ташкил этилган навбатдаги босқич эса ҳудуднинг бой тарихий мероси, сайёҳлик салоҳияти ва қадимий ҳунармандчилик анъаналарини ҳисобга олган ҳолда янада кенг қамровли мазмунда ўтказилмоқда.

Семинарнинг асосий мақсади ҳунармандларни замонавий бизнес муҳитига мослаштириш, уларнинг рақамли савдо кўникмаларини ошириш ва маҳсулотларини кенг бозорларга олиб чиқишдан иборат.
Тадбир давомида иштирокчиларга маҳсулотларни брендинг асосида илгари суриш, маркетинг ва реклама стратегияларини тўғри йўлга қўйиш, ижтимоий тармоқларда самарали тарғибот ишларини ташкил этиш, электрон тижорат платформаларидан фойдаланиш, юқори сифатли фото ва видео контент тайёрлаш, маҳсулотларни замонавий қадоқлаш ва дизайн ечимлари билан бойитиш, маҳаллий ва хорижий истеъмолчилар талабини таҳлил қилиш, сотув ҳажмини оширишга қаратилган инновацион ёндашувлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Мутахассислар томонидан муваффақиятли бизнес кейслари, амалий тажрибалар ва халқаро бозор талаблари бўйича тақдимотлар ўтказилди.
Семинарда ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларига алоҳида урғу берилди. Хусусан, миллий маҳсулотларни хорижий харидорлар ва сайёҳларга самарали тақдим этиш, халқаро электрон савдо майдончалари билан ишлаш, экспорт географиясини кенгайтириш ва миллий брендларни шакллантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Мутахассислар фикрича, бугунги кунда дунё бозорида миллий руҳ акс этган, қўл меҳнати асосида тайёрланган маҳсулотларга қизиқиш юқори. Шу боис ўзбек ҳунармандлари учун ҳам янги имкониятлар эшиги кенг очилмоқда.

– Мамлакатимизда ҳунармандчилик маҳсулотларини онлайн сотиш тизими ҳали тўлиқ шаклланмаган, – дейди “Касб маркази” маркетинг бўлими раҳбари Муҳаммадамин Муҳаммадазизов. – Айниқса, маҳсулотларни профессионал даражада суратга олиш, видеоконтент тайёрлаш ва ижтимоий тармоқларда тарғиб қилиш бўйича билимларга эҳтиёж юқори. Бундай ўқув-семинарлар ҳунармандларга замонавий рақамли иқтисодиёт талабларини англаш ва электрон савдода муваффақият қозониш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
Бухорода ўтказилган мазкур семинар оддий тадбир эмас, балки миллий қадриятларни иқтисодий тараққиёт омилига айлантиришга қаратилган кенг кўламли ҳаракатнинг муҳим бўғинидир. У ҳунармандчиликни сақлаб қолиш билан чекланиб қолмай, уни замонавий бозор иқтисодиёти талабларига мослаштириш, рақобатбардош миллий брендларни яратиш ва ҳунармандларнинг даромад манбаларини кенгайтиришни мақсад қилган.
Энг муҳими, бу ташаббус халқимизнинг асрлар давомида сайқал топган ҳунарлари ва миллий анъаналарини келажак авлодларга етказиш билан бирга, уларни иқтисодий фаровонлик манбаига айлантиришга хизмат қилади. Қорақалпоғистондан бошланган ва бугун Бухорода давом этаётган мазкур лойиҳа келгусида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳунармандлар учун янги имкониятлар эшигини очиши, миллий маҳсулотларимизни эса жаҳон бозорида янада танитиши шубҳасиз.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири