Миллий мусиқага ошуфта қалб
ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғона шаҳридаги вилоят театр-концерт саройида ёш ижодкор Муроджон Камолиддиновнинг “Янги Ўзбекистон – олтин фондимиз” номли концерт дастури бўлиб ўтди. Тадбир доирасида серқирра санъаткорнинг “Нота ёзишни ўрганамиз” ўқув-услубий қўлланмаси ҳамда Ўзбекистон халқ артисти, Фарғона давлат университети профессори Султонали Маннопов таваллудининг 75 йиллигига бағишланган “Камтару улуғвор устозим” номли китоби тақдимоти ҳам ташкил қилинди.

Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий жиҳатдан баркамол бўлиб улғайиши учун кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айни жараёнда миллий мусиқа санъатини ривожлантириш ҳам муҳим вазифалар сирасига киради. Боиси мусиқа болаларда бадиий дид ва эстетик тарбияни шакллантиради. Ватанга садоқат ҳамда аждодлар меросига ҳурмат туйғусини камолотга етказади.

Тадбирда алоҳида қайд этилганидек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида таълим муассасаларида ўқувчиларнинг мусиқий саводхонлигини ошириш, миллий чолғу созларини ўрганиш ҳамда чолғу ижрочилиги дарс машғулотлари йўлга қўйилиши бўйича устувор вазифалар белгиланган. Шу маънода фарғоналик ёш ижодкорнинг “Нота ёзишни ўрганамиз” қўлланмаси мусиқага ошуфта қалблар учун жуда ҳам қўл келади.

- Фарғона азалдан улуғ санъаткорлар юртидир ва бугунги кунда ҳам соҳада устоз-шогирд анъаналари давом этмоқда, - дейди Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби мусиқа тўгараги раҳбари, истеъдодли ижодкор Муроджон Камолиддинов. - Бу борадаги изланишлар, устозлар ўгити туфайли ютуқларимиз кўлами тобора кенгайиб бормоқда. Ишонаманки, бундан буён ҳам айни йўналишдаги ижодий изланишларимиз бардавом бўлади.
Муқимжон ҚОДИОВ (сурат), ЎзА