Миллий матбуотимизнинг икки дурдонаси (+видео)
Фарғонада “Садои Фарғона” газетасининг биринчи сони чоп этилганининг 110 йиллигига бағишланган республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. “Садои Фарғона” газетасининг миллий матбуот шаклланиши ва жадидчилик ҳаракатидаги ўрни” мавзусидаги тадбир Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Фарғона вилояти бўлими ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда етакчи олимлар, ОАВ вакиллари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
–“Садои Фарғона” газетаси она тилини ривожлантиришга, уни бошқа тиллар таъсиридан сақлаб қолишга кўплаб мақолалар чоп этган, – дейди “Халқ сўзи” газетасининг бўлим мудири Зокир Худойшукуров. – Жадид боболаримиз хорижий тилларни ўрганишни маъқуллаган. Лекин аввало ўз она тилини мукаммал билиши керак, деган талабни қўйган.


Тадбирда мавзуга оид мақолалар тўпламининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
Маърузачилар “Садои Фарғона” газетасини 1914 йилда ташкил этган Обиджон Маҳмудов, Ашурали Зохирий, Ҳамза, Чўлпон каби жадид боболаримизнинг тарихий хизматларини алоҳида ҳурмат билан тилга олишди.


–Сўнги йилларда жадидлар ғоясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нима учун? Чунки жадидлар ҳамиша керак, – дейди филология фанлари доктори Ҳалим Саидов. –Жамият ҳамиша ривожланишда бўлиши лозим. У янгиланиб туриши керак. Умуман жадид дегани янгилик дегани. Янги ғоялар билан миллат онгини ривожлантирувчи дегани. Жадидлар ғояси, шўро даври сиёсати ва мустақиллик ислоҳотлари, яъни уч тизим, уч мафкура минбари бўлган “Фарғона ҳақиқати” газетаси ҳам тарихан мураккаб йўлни босиб ўтди. Бугун у янги Ўзбекистон ислоҳотлари тарғиботчисига айланган.
Анжуманда замонавий ўзбек матбуоти муаммолари ҳам гапирилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/3quMy5v26MI" title="Milliy matbuotimizning ikki durdonasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>–Матбуот соҳасидаги қонунлар анча эскириб қолди. Замонга мосланган меъёрларни киритиш вақти келди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева. – Балки аввал қабул қилинган қонунлар асосида ахборот кодекси деган меъёрлар тўпламини яратиш лозим. ОАВ тўғрисидаги қонун интернет журналистикаси йўқ пайтларда қабул қилинган бўлиб кўпроқ босма нашр ва радио, телевидениега қаратилган эди. Бугун эса давр ҳам, одамлар дунёқараши ҳам ўзгарди.
Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Раҳимов умрини матбуотга бағишлаган бир гуруҳ фахрийларга вилоят ҳокимининг ташаккурномаси ҳамда совғаларини топширди. Бу қутлуғ сана муносабати билан Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Юй Цзюнь ҳам видео табрик юборгани анжуман иштирокчиларини руҳлантириб юборди.
Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов