Миллий марказ тизимига яна 5 та илмий муассаса қўшилди
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 13 мартдаги “Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги фанлари академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида аграр илм-фанни такомиллаштириш бўйича муҳим ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Қишлоқ хўжалигида Билим ва инновациялар миллий маркази томонидан тегишли ишчи гуруҳлар ва комиссиялар шакллантирилди. Улар томонидан илмий ташкилотларни белгиланган тартибда топшириш-қабул қилиш ишлари муваффақиятли якунланди.
Натижада Тупроқшунослик ва Агрокимёвий тадқиқотлар, Чорвачилик ва Паррандачилик, Балиқчилик, Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институтлари ҳамда Бухоро чўл-яйлов озуқабоп ўсимликлари уруғчилиги илмий-ишлаб чиқариш маркази Миллий марказ тизимига ўтказилди.
Мазкур ўзгаришлар аграр илм-фан салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, илмий ишланмаларни амалиётга кенг жорий этиш ҳамда соҳада ягона илмий бошқарув тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Г.Бобоева,
ЎзА