Миллий кутубхонадаги бебаҳо жавоҳирлар
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси наинки Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган маърифат масканидир.
9 февраль – Алишер Навоий таваллуд топган кун
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси наинки Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида ҳам ўз ўрни ва нуфузига эга бўлган маърифат масканидир. Қўлёзмалар, нодир ва алоҳида қимматга эга нашрлар хизмати фондида йигирма саккиз мингдан ортиқ нодир китоб сақланади.
XIII-XIX асрларда Мовароуннаҳр, Хуросон, Туркистон заминида битилган қўлёзма ва тошбосмалар, XVII-XVIII асрларда Ғарбий Европада чоп этилган китоблар қимматли маълумотлар манбаси сифатида муҳим аҳамият касб этади. Фондда сақланаётган илк чоп этилган газета ва журналлар намуналари тадқиқотчилар томонидан қизиқиб ўрганиб келинмоқда.
Жаҳон маънавиятининг буюк сиймоси, ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Алишер Навоийнинг асарлари ҳаётлик давридан то XIX аср охирларигача кўплаб хаттотлар томонидан кўчирилиб, кўпайтирилган. Шоирнинг ана шундай бир неча асарлари ва уларнинг нусхалари фондда сақланаяпти. Жумладан, «Маҳбуб-ул қулуб» асарининг Қўқонда ҳижрий 1239/1824 йили котиб Мулла Холиқназар Уста Қурбон Бешариқий томонидан кўчирилган нусхаси бор. Бухорода 1300/1882 йилда китобат қилинган «Хазойинул маоний» («Маънолар хазинаси») девони, «Хамса»нинг турли йилларда Тошкентда тошбосма усулида чоп этилган нусхалари мавжуд.
Ғарбий Европада босмахоналар пайдо бўла бошлагандан сўнг, кўплаб нодир асарлар матбаа йўли билан чоп этилди. Жумладан, Алишер Навоийнинг қадимги шоҳликлар тарихига оид «Тарихи мулуки ажам» асари «Тарихи Фанойи» номида биринчи марта Венада 1785 йилда нашрдан чиққан. Ушбу асар ҳам фонд хазинасидан ўрин олган. Назарали Саййид томонидан тузилган «Навоий асарларидаги ўзбекча сўзларнинг форсча изоҳи» луғати ҳам кутубхона жавонларида асраб келинмоқда. Қўлёзма-китобда Алишер Навоий шеърларида учрайдиган туркий сўзларнинг форс тилидаги таржимаси келтирилган. Луғат муқаддима, уч боб ва хотимадан иборат.
Кутубхона тасарруфидаги фондда Алишер Навоий асарларининг 18 та қўлёзма ва тошбосма китоби ҳамда турли давр ва минтақаларда чоп этилган 50 дан ортиқ нашри мавжуд. Шунингдек, Навоий ижоди ва унинг фаолиятига бағишланган нодир асарлар ҳам жуда кўп. Масалан, француз тилидаги «Шарқий турк тили хрестоматияси»нинг биринчи қисмида Алишер Навоийнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси»), «Тарихи мулуки ажам» («Араб бўлмаган шоҳлар тарихи») асарларидан шарқий турк тилини ўрганиш мақсадида матнлар келтирилган. Рус шарқшунос олими Владимир Вельяминов-Зерновнинг «Чиғатой-туркий луғат» қомусий тадқиқоти Алишер Навоий асарларидан олинган сўз ва иборалар асосида тузилган. Луғатда ҳар бир сўзга шу тилда бир нечта изоҳлар бериб борилган. 1697 йили Парижда шарқшунос Бартоломей Эрбелонинг француз тилида нашр этилган «Bibliotheque orientale» («Шарқ кутубхонаси» ёки «Шарқ энциклопедияси») асарида Марказий Осиё ҳудудида яшаб ижод этган улуғ олим, шоир, давлат арбобларидан юзга яқини, шунингдек, Алишер Навоий ҳақида алоҳида ва батафсил маълумотлар келтирилган.
Миллий кутубхона фонди Алишер Навоий қаламига мансуб «Ғаройиб ус-сиғар» асарининг XVI асрда кўчириб ёзилган, китобат санъати дурдонаси бўлган қўлёзма нусхасининг электрон шакли билан бойиди. У Буюк Британия кутубхонаси томонидан Ўзбекистон ҳукуматига тақдим этилган.