Миллий боғларимиз – халқимизнинг миллий бойлиги
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2025 йилга “Атроф муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб ном берилди. Бу эса ҳар бир ўзбекистонлик фуқарога она табиатни, ундаги ҳар туп дарахту гиёҳни, паррандаю даррандаларни асраб- авайлаш масъулиятини юклайди.
Жиззах вилоятидаги Бахмал, Зомин, Янгиобод, Шароф Рашидов, Фориш туманларидаги баланд қорли тоғлару, соя-салқин боғлар ёзнинг жазирамаси авжига чиққан сари хорижий ва маҳаллий туристлар билан тўлиб- тошади.
Бу вақтда дам олувчилар хавфсизлиги, шунингдек, улар томонидан билиб-билмай табиатга зарар етказиб қўйишнинг олдини олиш ва уларнинг ҳаловатларини бузмаган ҳолда, ҳар бир хатти- ҳаракатларини назорат қилиб туришдек масъулиятли вазифа ҳам мутасадди хизмат вакилларининг зиммасида бўлади.
Жумладан, вилоятдаги Зомин миллий табиат боғи ҳудудида жойлашган дам олиш масканлари сайёҳлар оқими ва экологик туризмнинг ривожланшида муҳим аҳамият касб этади. Шу сабабдан мазкур ҳудудларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, атроф-муҳит ва ўсимлик дунёсини асраш масалалари доимий долзарблик касб этади.
Шу муносабат билан Жиззах вилоят фавқулодда вазиятлар, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармалари ҳамда ушбу тизимларнинг туман бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилган профилактик тадбирлар давомида ҳар бир дам олиш маскани ҳудудида ёнғинга қарши дорилаш тадбирларини амалга ошириш, ўсимликлар ва дарахтларга техник хизмат кўрсатиш юзасидан шартномалар тузиш зарурлиги таъкидланди.
Миллий боғнинг ёнғин хавфсизлиги ва илмий бўлими мутахассислари томонидан дам олиш масканларининг масъуллари билан биргаликда кенг қамровли тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилмоқда. Учрашувларда ёнғин хавфининг олдини олиш, очиқ оловдан фойдаланиш тартиби, профилактик чоралар ва фавқулодда вазиятларга тайёрлик бўйича батафсил маълумотлар тақдим этилди. Мутасаддилар томонидан расмий огоҳлантириш хатлари ҳам топширилди.
Шу ўринда ёнғин хавфсизлиги билан бир қаторда, турли доривор гиёҳларни пайҳон қилмаслик, ўсимликларни ҳашарот зараркунандалари ва турли касалликлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам эътибордан четда қолмаганини таъкидлаб ўтиш жоиз.
Дам олиш масканлари атрофидаги ўрмонзор ва табиий ҳудудларда зараркунандалар тарқалишининг олдини олиш, мунтазам дорилаш, кузатув ва профилактик ишларга эътибор қаратиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Бу каби чора-тадбирлар ҳудуддаги бир неча юз йиллик арча ва бошқа дарахтлар, доривор гиёҳ ва ўсимликларнинг соғлом ўсишини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш ҳамда Зомин миллий табиат боғининг табиий гўзаллигини асрашга хизмат қилади.
Зомин миллий табиат боғи маъмурияти ҳам дам олиш масканларининг эгалари ва фаолият юритаётган тадбиркорларга ҳамда ушбу ҳудудга дамолиш мақсадида келган ҳар бир фуқарога ёнғин хавфсизлиги ҳамда экологик талабларга қатъий риоя қилишлари лозимлиги ҳақида қайта-қайта тушунчалар беришмоқда.
[gallery-23589]
Ҳамкорликда амалга оширилаётган бу ишлар нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, балки сайёҳлар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Миллий боғларимиз халқимизнинг миллий бойлигидир. Уларни асраб -авайлаш эса ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари