Миллатнинг маънавий қалқони
Яхши китобларнинг ўттиз икки, эҳтимолки, ундан ҳам кўпроқ эзгу хусусиятлари борлигини биласизми? Уларнинг мўъжизакорлиги, ўзига хос қуввати, маънавий қуввати ҳақида-чи? Адибу шоирларнинг юрак изтироблари, руҳий кечинмалари, қалб эврилишлари китоб саҳифаларига муҳрланиб қолишини-чи? Яхши китоб инсоннинг энг содиқ ва ишончли дўсти эканини-чи? Тарихда юртимизга кўз тиккан истилочилар халқимизни маънавиятидан, миллий ўзлигидан айириш учун, энг аввало, китобларни ёқиб, кутубхоналарни вайрон қилганини-чи?
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ҳамкорлигида «Паркент» ижод уйида ташкил этилган икки кунлик республика маърифий семинарида айни шу саволларга жавоб изланди. Ёзувчи ва шоирлар, кутубхона ходимлари ҳамда масъуллар иштирокида ўтган семинар зиё маскани ходимлари учун ҳам, ижод аҳли учун ҳам бирдек фойдали ва қизиқарли бўлди. Семинар-машғулотлар давомида китобхонлик маданияти, кутубхоначиларнинг жамият олдидаги бурчи, миллий адабиётимиз ва она тилимизнинг қадр-қиммати ҳақида атрофлича сўз юритилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз ижодкор Хайриддин Султонов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосарлари Фарида Афрўз ва Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори, мамлакатимизда китобхонлик ҳаракатининг фаол тарғиботчиси Умида Тешабоева, устоз ижодкорлар Хуршид Дўстмуҳаммад ва Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ўз чиқишларида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда бошланган китобхонлик ҳаракати тобора кенг қулоч ёзаётганини таъкидладилар. Бундай эзгу жараёнда ташкилотлар, вазирлик ва идоралар, ижодкор зиёлилар фаол иштирок этаётгани алоҳида қайд этилди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, таниқли адиб ва ҳуқуқшунос Комилжон Синдаров, «Келажак бунёдкори» медали соҳиби, шоир ва публицист, «Жадид» газетаси журналисти Шаҳриёр Шавкат миллий адабиётимиз, китоб ва кутубхонанинг ўз ҳаётлари, ижодий камолотлари ҳамда эришган ютуқларида тутган ўрни ҳақида батафсил сўзладилар.

Устоз ижодкорлар таъкидлаганларидек, яхши китоб дунёдаги энг содиқ ва ишончли дўстдир. У инсонга тўғри йўлни кўрсатадиган ҳамроҳ, беминнат ёрдамчи ва маънавий мададкордир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан миллатимизнинг китобхонлик даражасини юксалтириш борасида кўплаб эзгу чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Янги маърифат масканлари барпо этилмоқда, мавжуд кутубхоналарнинг замонавий талаблар асосида фаолият юритиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Умуммиллий дастурлар, китобхонлик танловлари ва адабиёт байрамларини ўтказиш яхши анъанага айланди.

Зеро, китобхонлик шунчаки мутолаа эмас, балки инсоннинг ўзини англаши, дунёни теранроқ идрок этиши ва маънавий жиҳатдан юксалиш йўлидир. Китоб ўқиган инсоннинг тафаккури бойийди, диди нозиклашади, сўзга ва ҳаётга муносабати ўзгаради. Жамиятнинг маънавий қиёфаси эса, аввало, унинг китобга бўлган муносабатида намоён бўлади. Шу маънода, ҳар бир кутубхона билимлар хазинасигина эмас, балки миллатнинг маънавий келажагини тарбиялайдиган муқаддас маскандир. Бугун жамиятимизда кузатилаётган ижобий ўзгаришларда китобларда мужассам бўлган маърифий билимларни ҳаётга татбиқ этишнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Семинар давомида устоз ёзувчилар жадид боболаримизнинг илм-фан ва китобга бўлган чексиз ҳурмати, миллат келажаги йўлида чеккан заҳматларини ёдга олдилар. Бугунги авлод ана шу маърифатпарвар аждодларнинг муносиб давомчиси бўлиши кераклиги таъкидланди. Жадидлар яратган асарлар, улар чоп эттирган матбуот нашрлари, жумладан, «Улуғ Туркистон» газетаси тарихимизнинг муҳим саҳифалари экани қайд этилди. Ушбу меросни қайта тиклаш ва ўрганишда Хондамир Қодирий каби фидойи инсонларнинг хизматлари беқиёс экани алоҳида эътироф этилди.

Жадидлар мероси нафақат ўтмишдан қолган тарихий ҳужжат, балки бугунги кун учун ҳам маънавий қувват манбаидир. Уларнинг илмга ташналиги, миллатпарварлиги ва маърифат йўлидаги фидойилиги ёшларимиз учун муносиб намуна бўлиб хизмат қилади. Зеро, миллатнинг эртанги куни бугун қанча китоб ўқилаётгани, қанча ёшнинг қалбида илмга муҳаббат уйғонаётгани билан ҳам белгиланади.
– Инсон камолотида яхши китобларнинг, кутубхоналарнинг ўрни беқиёс, –деди устоз журналист ва адиб Аҳмаджон Мелибоев.– Китоб миллатни сақлаб қоладиган, унга қуёш янглиғ нур сочадиган бебаҳо бойликдир.

— Менинг китобхон бўлишимда онамнинг хизматлари катта, — деди ёзувчи ва ҳуқуқшунос, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Комилжон Синдаров. – Сабаби, оналарим кутубхоначи бўлиб ишлаганлар. Улар бизга ёшимизга қараб китоблар танлаб, мутолаа учун тавсия этардилар.
Эътироф этилганидек, кутубхоначилик азалдан юксак қадрланган, катта билим ва масъулият талаб этадиган шарафли касблардан бири бўлган. Тарихга назар ташласак, Мирзо Улуғбек ва Алишер Навоий каби буюк сиймоларнинг фаолиятида ҳам китоб ва маърифат алоҳида ўрин тутганини кўрамиз. Мирзо Улуғбек илм-фан тараққиётига улкан ҳисса қўшган бўлса, Алишер Навоий Ҳиротдаги адабий ва маърифий муҳитнинг юксалишига беқиёс хизмат қилган. Бу эса китоб ва кутубхоналарнинг нафақат билим манбаи, балки давлат ва жамият маънавий ҳаётининг муҳим таянчи бўлиб келганини кўрсатади. Кейинги даврларда ҳам бу анъана давом этган. Хусусан, Бобурийлар салтанатида, жумладан, Акбаршоҳ даврида сарой кутубхоналари ривожланиб, турли тиллардаги асарлар ва нодир қўлёзмалар жамланган. Бундай маърифат масканлари ўз даврининг илмий ва маданий салоҳиятини намоён этган. Албатта, тарих давомида турли сиёсий воқеалар ва урушлар оқибатида кўплаб қимматли китоблар йўқолган, айрим қўлёзмалар эса бошқа ҳудудларга олиб кетилган. Шунга қарамай, бугунгача сақланиб қолган ёзма мерос инсоният тафаккури ва маданиятининг бебаҳо бойлиги ҳисобланади. Зеро, китобни қадрлаш ва асраб-авайлаш — нафақат ўтмишга ҳурмат, балки келажак олдидаги масъулият ҳамдир.

Эркин Аъзам китоб ўқиш аввалги даврларда катта обрў ва мавқе белгиси ҳисобланганини эслар экан, бугун мутолаага бўлган қизиқиш бироз сусайганидан ташвиш билдирди. Устоз ёзувчи китобни шунчаки «жонсиз қоғоз» эмас, балки инсон билан дардлаша оладиган, унинг қувончу ташвишларига шерик бўладиган, гўё тириклик нафаси уфуриб турган маънавий макон сифатида таърифлади.
Учрашув давомида кутубхона ходимларининг ўзлари ҳам адабиёт ва китоблардан яхши хабардор бўлиши, аввало, ўзлари фаол китобхонга айланиши муҳим ҳаётий талаб экани таъкидланди. Бундай жонли мулоқотларни мамлакатимизнинг турли ҳудудларида ҳам ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди.

Зеро, она тилимизни асраб-авайлаш, ёшларда китобга меҳр ва ҳурмат уйғотишда кутубхоначиларнинг ҳиссаси беқиёс. Айниқса, бугун ёшлар онги ва дунёқарашига турли ахборот оқимлари, оммавий маданиятнинг салбий таъсирлари кириб келаётган бир шароитда уларни миллий адабиётимиз дурдоналари билан ошно этиш, китоб орқали эзгулик ва гўзалликка ошно қилиш кутубхона ходимларининг муҳим вазифаларидан биридир. Чунки яхши китоб ёш қалбида миллий ғурур, мустақил фикр ва ҳаётга масъулият билан қараш туйғуларини шакллантиришга хизмат қилади.
Мулоқот давомида иштирокчилар адибларга асарларининг яратилиш тарихи, китобга ва она тилимизга муносабати хусусида саволлар билан мурожаат қилиш имконига эга бўлдилар. Самимий ва жонли савол-жавоблар ижод аҳли билан кутубхоначилар ўртасидаги маънавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлади.
Семинар якунида бундай самимий, мазмунли ва манфаатли мулоқотларни мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги кутубхоналар ва маърифат масканларида ташкил этишга келишиб олинди.
Дарҳақиқат, китобхонликка очилган эшик маърифатга очилган эшикдир. Кутубхонага қадам қўйган ҳар бир инсон қалбида янги бир оламга йўл очилади. Миллатнинг маънавий қудратини юксалтириш эса китобни севиш, уни асраш ва келгуси авлодларга етказишдан бошланади.
Назокат Усмонова, ЎзА