Миллатни — миллат қиладиган унинг она тилидир!
Халқнинг ўзлигини намоён этувчи қадриятнинг асосий мезони унинг она тили билан белгиланади. Нон ва сув инсон ҳаёти учун қанчалик зарур бўлса, миллатнинг яшаши ва ривожланиши учун унинг миллий тили ҳам шунчалик муҳим.
Ҳа, она тили халқнинг Ватани, давлати кабибуюк хазинаси, эҳтимолки бирламчи бойлигидир. Айнан тил воситасида одамлар бир миллат сифатида бирлашади, яъни тил халқни – халқ, миллатни – миллат сифатида намоён қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий тилимизнинг ривожи, барқарорлиги, равнақи йўлида кўзга кўринарли ишлар амалга оширилаётганини барчамиз кўриб, кузатиб турибмиз.
Бугун Ўзбекистоннинг юраги бўлган Тошкент шаҳри ва туманларида ҳам давлат тилининг ижроси юзасидан бир қанча самарали ишлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимиз кўчаларидаги объектлар номларидаги ва пешлавҳалардаги хатоликлар ва хорижий тилларда ёзилган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан Тошкент шаҳрининг барча туманларида ҳокимларнинг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан тизимли ишлар йўлга қўйилган.
Хусусан, туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчилари томонидан тегишли масъул вакил билан ҳамкорликда ҳар ойда икки марта алоҳида режа-жадвал асосида бозорлар ва кўчаларда учраётган реклама, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларига ўрнатилган ташқи ёзувлардаги давлат тилига зид хато ва камчиликлар мунтазам бартараф этиб келинмоқда ҳамда ўрганиш жараёнида объектлар эгаларига огоҳлантириш хатлари берилиб, тушунтириш ишлари доимий олиб борилади.
Қилинган ишлар натижасида бугунги кунда Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидаги реклама баннерлари қарийб тўлиқ лотин алифбосида, давлат тилида намойиш этилмоқда.
Мана, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтишимизга ҳам тобора саноқли кунлар қолмоқда. Шу ўринда яқиндагина қабул қилиниб, кучга кирган реклама тўғрисидаги қонун ҳам давлат тилининг нуфузини оширишга хизмат қилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман.
Пойтахтимизда ва тегишли жойларда ўрнатилган пешлавҳа ва рекламалар давлат тилида ёзилиши шарт!
“Давлат тили ҳақида”ги Қонун талабларига кўра Тошкент шаҳри ва туманлари ҳудудида жойлашган барча объектларнинг номлари, пешлавҳалари, реклама эълонлари лотин алифбосига асосланган ўзбек тилида ёзилмоқда ва ёзилиши керак.
Шу ўринда айтиб ўтишим керакки, афсуски ҳали ҳамон баъзи тадбиркор ва ишбилармонлар давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига беписандлик ва эътиборсизлик билан муносабатда бўлмоқдалар...
Давлат тилининг нуфузини оширишда ва мустаҳкамлашда Тошкент шаҳри ва туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорларимиз ҳам она тилимизнинг асосий ҳимоячиси бўлган Президентимизга камарбаста бўлиб иш юритсалар нур устига аъло нур бўлар эди!
Бу борада, айниқса бозорлар ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида фаолият юритаётган тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг миллий тилимизга муносабати қандай эканлиги, албатта, кенг жамоатчилик вакилларига сезиларли таъсир қилишини алоҳида таъкидламоқчиман. Чунки, улар бевосита халқ билан мулоқот қилади, ҳамиша халқнинг ичида бўлади.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва пойтахтимизнинг халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши сайланган депутатлар, депутатлик гуруҳи аъзолари билан ҳам ҳамкорликни самарали йўлга қўйганмиз. Айниқса, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурида ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузи ва мавқеини оширишга кўмаклашиш вазифаси белгиланган бўлиб, бу борада партиянинг Марказий ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари билан ҳамкорлик олий даражада ўрнатилган. Бунинг исботи ўлароқ, “Тил посбонлари” кўнгилли ёшлар гуруҳи ташкил этилиб, “Соф ўзбек тилида ёзамиз” лойиҳаси амалга оширилиб келинаётганлигини яққол мисол келтиришимиз мумкин. Хусусан, яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонуни мазмун-моҳиятини тарғиб этиш, янги жорий этилган норма — рекламаларнинг давлат тилида бўлиши кераклиги бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш юзасидан давра суҳбати ташкил қилинди ва унда ЎзМТДПдан сайланган депутатларимизнинг давлат тилининг ижроси ва назорати юзасидан фикр ва мулоҳазалари, таклиф ва эътирозлари тингланди.
Кўп бор таъкидланганидек, она тили – миллатнинг руҳи, унинг ор-номуси, маънавий қиёфаси, орзу-умидларининг намунаси ўлароқ, реклама тўғрисидаги қонуннинг кучга кириши ҳам айнан шу эзгуликларнинг давоми эканлиги ҳақиқатдир.
Мамлакатимиз раҳбари деярли ҳар бир чиқишларида она тилимиз ҳақида куйиниб сўзлайди. Ватан ва Миллат дунёга юз тутмоғи учун энг аввало миллий тилимизга эътиборни кучайтиришимиз зарурлигини кўп бор таъкидлайдилар. Деярли ҳар бир тадбиримизда, ўрганиш ва учрашувларда бу борада давлат тилининг аҳамияти, унинг қадр-қиммати ҳақида қайта-қайта тушунтириш ишларини олиб боришга катта эътибор қаратмоқдамиз.
Реклама эса давлат тилининг кўзгуси, давлат тилининг даражасини белгиловчи яққол воситаси десак, асло муболаға қилмаган бўламиз. Айниқса, пойтахт кўчаларида катта ва кичик ЛЕД экранларда ял-ял товланаётган турли хил мазмундаги рекламалар хориждан Ўзбекистонга келган ҳар қандай дидли сайёҳнинг ҳам эътиборини тортиши турган гап. Бугун мамлакатимизнинг туризм салоҳияти йилдан-йилга ортар экан, она тилимизнинг барқарорлиги – адабий тилдаги жамоавий мулоқотларнинг расман йўлга қўйилиши халқимиз кайфиятига ижобий таъсир қилишини асло ёддан чиқармаслигимиз ва қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлашимиз ниҳоятда муҳимдир.
Ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётидаги ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширишга интилишимиз, албатта, ўсиб келаётган ёшларни ватанпарварлик, миллий анъаналар ва қадриятларга садоқат руҳида камолга етишларига, улуғ аждодларимизга муносиб ворислар бўлишларига, мамлакатимизда давлат тилини тўлақонли жорий этилишини таъминлашга ҳисса қўшади.
Акмал РЎЗИТОЕВ,
Тошкент шаҳар ҳокимининг маслаҳатчиси