Миллатлар дўстлигига ҳисса қўшаётган инсон
Кўкрагидаги орден ва медаллар Абдукарим Шариповнинг қарийб олтмиш йиллик меҳнат йўлининг баҳоси. Аммо унинг ҳаётини фақат мукофотлар билан ўлчаб бўлмайди. Чунки бу инсоннинг асосий бойлиги одамлар билан тил топишиш, сўз орқали қалбларга йўл топиш ва икки халқ ўртасидаги дўстликка ўз ҳиссасини қўшишида.
1946 йилда Фориш туманининг Ухум қишлоғида туғилган Абдукарим Шарипов 1968 йилда Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетини тамомлаган. Унинг кейинги ҳаёти илм, матбуот, маърифат ва жамоатчилик ишлари билан узвий боғланди.
Уни таниганлар, аввало, ўзбек ва тожик тилларида бирдек равон сўзлай олишини таъкидлайди. Аммо Абдукарим аканинг тилга муносабати шунчаки икки тилни билиш билан чекланмайди. У учун тил халқнинг тарихи, хотираси, маданияти ва руҳиятини асраш воситаси.
Бу қараш унинг бутун меҳнат фаолиятида ўз ифодасини топган.

1967 йилда отасидан айрилган Абдукарим ака ёш бўлишига қарамай, укаларининг тақдири учун ҳам масъулиятни зиммасига олди. Ҳаётнинг эрта берилган бу сабоқлари уни масъулиятли, тиришқоқ ва одам дардига бефарқ бўлмаган инсон сифатида шакллантирди.
1973 йилда Жиззах вилояти ташкил этилгач, янги ҳудудда газета, телевидение ва радио фаолиятини йўлга қўйиш ишлари бошланди. Туманларда фаолият юритаётган журналистлар вилоят марказига таклиф этилди.
– Газетанинг илк сонини тайёрлашда иштирок этдик, – дейди Абдукарим ака ўша йилларни эслар экан.

1974 йилда вилоятнинг бош нашрлари – “Жиззах ҳақиқати” ва “Джизакская правда” газеталари таҳририяти ташкил этилди. Абдукарим Шарипов бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиларидан бири бўлди. Кейинчалик “Жиззах ҳақиқати” қошида Ишчи қишлоқ мухбирлари университетини ташкил этиб, туманлардан келган 60 нафар ёшу кексага журналистика сирларини ўргатди.
Сўзга меҳр, журналистикага садоқат уни кейинчалик вилоятдаги илк нашриёт – “Сангзор”га етаклади. Мустақилликнинг дастлабки йилларида қоғоз танқислиги туфайли юзага келган муаммоларни бартараф этиш, Россия билан алоқаларни йўлга қўйиш, вилоятлар типографияларига кўмаклашиш каби масъулиятли вазифаларни бажарди.
Аммо бугун Абдукарим Шариповни фақат фахрий журналист сифатида эмас, миллатлараро тотувлик ва маданий ҳамкорликни мустаҳкамлашга ўз умрини бағишлаган фаол сифатида ҳам яхши билишади. Айни пайтда у Республика тожик миллий маданий марказининг Жиззах вилояти бўлими раиси сифатида иш олиб бормоқда.
Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та диний конфессия вакиллари яшайди. Мамлакатда 157 та миллий маданий марказ фаолият юритмоқда. Бу рақамлар ортида турли тил, маданият ва анъаналарнинг ўзаро ҳурмати, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик муҳити мужассам.

Абдукарим аканинг ҳаёт йўли ҳам ана шу муҳитнинг бир кичик, аммо мазмунли кўриниши. У ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги адабий-маданий алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
2022 йилда Тожикистоннинг Сўғд вилоятида ўзбек тилида, Ўзбекистонда эса Жиззах вилоятида тожик тилида ижод қилувчи қалам аҳлининг ҳамкорликдаги “Меҳрнома” баёзи нашр этилди. Абдукарим Шариповнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракатлари билан 2019 йилдан буён бир неча бор грантлар қўлга киритилиб, 5-6 та китобнинг чоп этилишига ҳисса қўшилди. Энди у икки тилда ижод қилаётган ёшларнинг асарларини жамлаб, китоб ҳолида нашр этишни ният қилмоқда.
Унинг кўкрагидаги мукофотлар ҳам ана шу фидокорликнинг эътирофи. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан I даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан тақдирланган. Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан эса “Дўстлик” ордени ҳамда “Мустақилликнинг 35 йиллиги” кўкрак нишонига муносиб кўрилди.
– Бу мукофотларни кутмаган эдим. Аввало, унинг масъулиятини ҳис қилдим. 80 ёшга кириб, бу ишончни оқлай оламанми, деган ўй хаёлимдан ўтди. “Орденни олди-ю, ишлашни бас қилди”, дейишмасин, деб ҳали ҳам югуриб юрибмиз, – дейди у кулиб.

Бу гапларда Абдукарим аканинг феъл-атвори намоён: эътирофдан кўра масъулиятни устун қўяди. 80 га кириб қолганини баҳона қилмайди. Аксинча, йиллар давомида орттирган тажрибасини ёшларга, жамиятга ва эзгу мақсадларга хизмат қилдиришга интилади.
У Лола опа билан бирга уч нафар фарзандни тарбиялаб, вояга етказган. Бугун ўн нафардан зиёд невараларнинг суюкли бобоси. Аммо оила даврасидаги хотиржам ҳаёт билан чекланиб қолгани йўқ. Миллий маданий марказдаги ишлар, ижодкорлар билан учрашувлар, янги китоблар, ёшларни қўллаб-қувватлаш унинг кун тартибида.
– Ўзбекистон кўп миллатли давлат. Юртимизда 130 дан зиёд миллат вакиллари аҳил-иноқ яшаб келмоқда. Бу энг катта бойлигимиз. Миллий маданий марказларнинг асосий вазифаси ҳам ана шу аҳилликни, дўстликни ва миллий қадриятларни асрашдан иборат, – дейди Абдукарим ака.
Унинг бу фикри ҳаёт йўлига ҳамоҳанг. Чунки инсоннинг Ватанга хизмати фақат муайян лавозим ёки касб билан ўлчанмайди. Кимдир илм билан, кимдир қалами билан, яна кимдир халқларни бир-бирига яқинлаштириш орқали юрт равнақига ҳисса қўшади.
Абдукарим Шариповнинг қарийб олтмиш йиллик меҳнат йўлида эса буларнинг барчаси бир нуқтада туташади: сўзга садоқат, миллатлараро дўстлик ва элга хизмат.

Балким, унинг кўкрагидаги мукофотлардан ҳам кўра қимматлироқ эътироф шу одамлар ишончи ва эзгу ишлардан қолган яхши номдир.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири