Миллат хотираси емирилмайди
Мустақиллик фарзандлари. Улар бугун нималар билан банд? Ўй-хаёллари, фаолиятлари қандай? “Жадид” газетаси журналисти, ёш ижодкорлар сафида ўзининг дадил сўзи билан адабиёт ихлосмандлари меҳрини қозонган шоир ва публицист, шеърият ва китобхонлик бўйича бир қатор ижодий лойиҳалар муаллифи, “Келажак бунёдкори” медали соҳиби Шаҳриёр Шавкат – мустақиллик фарзанди. Унинг жорий йил февраль ойида Афғонистонга сафари ижтимоий тармоқларда ёшлар, сўз санъати мухлислари, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан кузатиб борилди.
Бу саёҳат шовуллаган денгиз соҳилларига ёки хушманзара юртларга эмас, айнан Афғонистонга уюштирилгани кўпларнинг эътиборини тортди. Ёш бўлса-да, қалами чархланган ижодкор Шаҳриёр Шавкат билан суҳбатимиз ана шу маърифий сафар хусусида бўлди.
– Сизнинг Афғонистонга маърифий экспедициянгизга нима туртки бўлди?
– Бу саволга жавоб беришдан олдин болалик орзуларимнинг илк манзили ҳақида икки оғиз сўз айтишга ижозат берсангиз. Ўсмирлик остонасига қадам қўйган йилларимда дадам мени буюк аждодларимиз қадам излари сақланган муқаддас масканлар билан таништира бошлаган эдилар. Айниқса, Шаҳрисабзда Соҳибқирон Амир Темурнинг илк даҳмасига тушганим ҳали-ҳануз ёдимдан кетмайди. Нам тупроқнинг ўзига хос ифори ва тарихий бир салобат мурғак қалбимда таърифлаш қийин бўлган туйғуларни уйғотганди. Даҳмага тушганимизда ҳатто юрагим уриши қулоғимга эшитилаётгандек туюларди. Балки айнан ўша лаҳзаларда тарихга меҳрим, аждодлар изидан юришга бўлган иштиёқимнинг дастлабки уруғлари қадалгандир. Кейинчалик ўша ҳайрат шеърларимга ҳам кўчди.
Бу ҳислар йиллар ўтиб яна бир манба билан бойиди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоновнинг «Бобурийнома» асарини ўқиганимда, китобда тасвирланган Бобур Мирзо изидан уюштирилган машаққатли экспедиция мени қаттиқ таъсирлантирди. Китобни мутолаа қиларканман, ўзимни гўё ўша карвоннинг бир аъзосидек ҳис қилардим. “Қанийди, мен ҳам улар билан бирга улуғ аждодларимиз юрган йўллардан юрсам, улар қурган обидаларни кўрсам, ўша юртлардаги қардошларимиз билан суҳбатлашсам”, деган орзу қалбимга ўшандаёқ муҳрланган.
Яна бир жиҳат бор. Юртимиз эндигина мустақилликка эришган, имкониятлар ниҳоятда чекланган йилларда устозлар илм ва миллат хотираси учун минглаб чақиримларни босиб ўтганлар. Бугун бизда имкониятлар кенгайган экан, улар бошлаб берган маърифий анъанани давом эттиришни ўзим учун бурч деб билдим.

Ростини айтсам, мени Афғонистонга фақат ҳавас эмас, нафис бир ижодий “ҳасад” ҳам етаклади. Озарбайжонлик таниқли навоийшунос олима Алмаз Улви Биннатованинг Ҳирот ҳақидаги ҳаяжонли хотираларини эшитганимда, ҳазрат Навоий яшаган ва ижод қилган заминни ўз кўзим билан кўриш истаги янада кучайди. Бу маънавий мерос билан юзма-юз учрашишга бўлган чанқоқлик эди, эҳтимол.
Сафардан қайтгач, устоз Хайриддин Султонов телефон қилиб, кўрган-кечирганларимни китоб қилишимни тайинладилар. Орадан кўп ўтмай, китобга “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” деган ном топиб қўйганларини айтдилар. Мен буни устознинг оқ йўл тилаши дея қабул қилиб, ишга киришдим.
Шунинг учун ҳам Афғонистонга қилган маърифий экспедициямни шунчаки саёҳат деб эмас, устозлардан ўтган маънавий эстафета ва буюк аждодларимиз мероси билан юзма-юз мулоқотга интилишнинг табиий давоми деб ҳисоблашларини истардим.
– Сафар жараёнида Ал-Беруний, Лутфий, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод Гавҳаршодбегим, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби кўплаб аждодларимиз мангу ором топган масканларни зиёрат этишга муваффақ бўлдингиз. Бундай ҳаяжонли, шарафли, ҳам ўта масъулиятли жараёнда, яна ҳам аниқроғи, қалтис вазиятда қандай фикрлар хаёлингизга келди?
– Ростини айтсам, қалтис вазият ҳақида ўйлашга ҳам улгурмадим. Сафар давомида энг кўп қўрққан нарсам ўқ эмас, йўл азоби ҳам эмас, балки узоқ йиллик орзуимга ета олмай қолиш эди. Чунки у ерларга шунчаки сайёҳ сифатида бормаганман. Асрлар давомида китоблардан таниб, шеърларидан руҳланган, номларини муқаддас деб билган аждодларим билан маънавий дийдорлашиш учун бордим. Ҳар бир зиёрат олдидан ўзимга бир савол берардим: “Шу ергача етиб келишга-ку, келдим, энди уларга муносиб набира бўла оламанми?”
Ҳиротда ҳазрат Алишер Навоий мақбараси олдида турганимда тарихчи Хондамирнинг сатрлари хаёлимдан кетмади. Кўз олдимда Султон Ҳусайн Мирзо гавдаланди. У ўзининг буюк вазири, содиқ дўсти билан кўришиш учун отдан тушади. Навоий ҳазратлари эса унга пешвоз чиқар экан, ҳукмдор бағрида беҳуш йиқилади... Кейин етти кунлик мотам, шу боғгача елкада кўтарилган тобут, бутун Хуросонда эълон қилинган аза... Шу воқеаларни эслаб туриб, бугунги Ҳиротга қарадим. Урушлар неча бор мақбараларни вайрон қилибди, лекин Навоийни халқ хотирасидан ўчира олмабди. Ўшанда бир ҳақиқатни англадимки, асрлар ўтиб ҳар қандай тош емирилар экан, аммо миллат хотираси емирилмас экан.
Навоий зиёратида яна бир манзара мени қаттиқ таъсирлантирди. Ўзбекистондан бориб, унинг мақбарасини қайта тиклаган усталар, Бобур халқаро жамоат фонди экиб кетган икки мингга яқин кўчат бугун барваста дарахтга айланган. Қум ва чанг қуршовидаги Ҳиротда айнан шу маскан энг яшил ҳудудга айланганини кўриб, кўзимга ёш келди. Барибир ўзбекларим боғбон халқ, деҳқон эл, миришкор улус! Қумга ҳам чўп суқса, соядор дарахт бўлади!
Мавлоно Лутфий қабрини излаш эса бутун сафарнинг энг машаққатли даври бўлди. Ҳатто айрим мутасаддилар ҳам улуғ шоир ҳақида етарли маълумотга эга эмас экан. Ўшанда мен Навоий ҳақида билганларимни ҳиротлик олимга ҳаяжон билан айтиб бердим. У ҳайрат билан эшитди. Кейин Шодижон қишлоғида Лутфий ҳазратлари қабрини зиёрат қилганимда, ўзимни гўё бувасини соғиниб келган набирадек ҳис қилдим. Хаёлимдан ихтиёрсиз: “Қанийди, ҳозир бир пиёла чой устида бувамнинг гурунгини олсам, ғазалларини ўз оғзидан эшитсам”, деган ўйлар ўтди. Жуда бошқача ҳиссиёт! Таърифлаш қийин!

Ғазнада Беруний ҳазратлари қабри бошида эса бутунлай бошқа кечинмага берилдим. Абдулла Орипов айтганидек, сеҳрли диёр – Америка кашф этилмасидан олдин уни “ақл машъали” билан англаган қомусий олимнинг мангу қўнимгоҳи олдида туриб, вақтнинг шафқатсизлиги ҳақида ўйладим. Бир томонда инсоният тафаккурини юксалтирган даҳо, иккинчи томонда жуда камтарона қабр... Ўйласа, узоқ ўйласа, мулоҳаза юритса бўладиган ҳолат. Булар балки бир кун келиб, бошқа китобга кўпроқ мазмун бағишлар...
Кобулдаги “Боғи Бобур”га борганимда тинмай ғазал ўқидим. Илгари Андижондаги рамзий қабрни зиёрат қилганман. Бу гал эса Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг асл қўнимгоҳига келдим. Унинг васиятига кўра очиқ осмон остида ётганини кўриб, шоҳнинг ҳақиқий улуғлиги саройларда эмас, камтарлигида кўринишини ҳис қилдим. Зиёратдан кейин маҳаллий ўзбеклар қўлларида кўчат билан келишди. Биз бирга дарахт экдик. Боболаримиз бошлаган эзгу ишларни давом эттириш қандай бахт!
Шоҳ Машраб зиёрати эса тун қоронғусида кечди. Телефонлар ёруғида мақбарага кирдик. Аввал пештоқдаги ёзувни қайта-қайта текширдим: “Ростдан ҳам шу ерми?” Ишонч ҳосил қилгач, ичкарилаб, оташнафас шоирнинг руҳига бағишлаб дуо қилдик.
Яна бир нарса мени қаттиқ таъсирлантирди. Афғонистондаги ўзбеклар билан тонггача гурунг қилдик. Улар Ўзбекистон ҳақида шундай меҳр билан гапиришардики, инсон беихтиёр тўлқинланади. Юртимиздаги тинчлик, маърифат, эркин муҳит, хотин-қизларга яратилган имкониятлар ҳақида фахр билан сўзлашарди. Энг кўп айтган гаплари эса бундай: “Бизга “афғон” деб эмас, ўзбек деб мурожаат қилинг. Биз Амир Темур ва Навоий давридан аввалроқ ҳам шу тупроқларда яшаган халқмиз!” Бу сўзлар менга қаттиқ таъсир қилди.
Сафар якунида бир муҳим хулосага келдим. Мен зиёрат қилган муқаддас масканлар турли шаҳарларда жойлашган бўлса-да, уларнинг барчаси мени бир ҳақиқатга олиб келди. Абу Райҳон Беруний, Мавлоно Лутфий, ҳазрат Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, малика Гавҳаршодбегим, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб каби улуғ аждодларимизни алоҳида-алоҳида шахслар эмас, бир-бирига маънан чамбарчас боғланган, яхлит бир буюк туркий тамаддуннинг узвий ҳалқалари сифатида кўрдим. Биз эса ана шу буюк маънавий занжирнинг бугунги давомчилари, кейинги ҳалқасимиз. Агар аждодларимиз қолдирган меросни англамасак, асрамасак ва келажак авлодга муносиб тарзда етказмасак, эртага тарих ҳам биз ҳақимизда худди шундай ҳукм чиқариши мумкин.
– Ушбу сафар натижаси ўлароқ, “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” номли китобингиз нашр этилди ва уни Президентимизга ҳам тақдим этдингиз. Давлатимиз раҳбарининг 30 июль куни ёшлар билан учрашув жараёнидаги у кишининг Сиз билан бўлиб ўтган ўша мулоқотлари ва китобингизга муносабатлари қандай таассурот уйғотди?

– 30 июнь куни Ёшлар куни муносабати билан ўтказилган учрашувда давлатимиз раҳбари февраль ойидаги Афғонистонга ижодий сафаримиздан яхши хабардор эканликларини билдирдилар. Ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Мавлоно Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Бобораҳим Машраб ва бошқа аждодларимиз билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганимиз муносабати билан самимий табрикладилар. Бу, очиғини айтсам, мени жуда таъсирлантирди.
Учрашув чоғида “Ҳиротга, бобомнинг ҳузурига!” китобининг илк нусхасини Президентимизга эҳтиром билан тақдим этдим. Давлатимиз раҳбари китоб номига алоҳида тўхталиб, унинг рамзий маъноси ва маънавий юкини илиқ муносабат билан эътироф этдилар. Бу мен учун энг катта баҳолардан бири бўлди. Чунки китобнинг ҳар бир саҳифасига босиб ўтилган машаққатли йўллар, қалтис вазиятлар, зиёратлар давомида кечган туйғулар ва аждодлар олдидаги маънавий масъулиятни сингдиришга уринганман.
Яна бир муҳим жиҳат шуки, сафар давомида Афғонистондаги ватандошларимиздан Ўзбекистонга, Президентимиз олиб бораётган тинчликпарвар ташқи сиёсатга, яхши қўшничилик ва инсонпарварлик ташаббусларига нисбатан билдирилган самимий миннатдорлик ва саломларни етказиш насиб қилди. Бу ҳам учрашувнинг энг мазмунли лаҳзаларидан бири бўлди.
Учрашув давомида кейинги йилларда иштирок этиб келаётганимиз Республика Маънавият ва маърифат марказининг “Сўз” лойиҳаси, Миллий кутубхона ва Ёшлар ишлари агентлигининг “Mutolaa” лойиҳаси доирасидаги театрлаштирилган назм кечалари ҳақида ҳам фикр билдириб, ўз шеърларимиздан ўқидик. Муҳтарам Президентимиз шеъриятни замонавий саҳна воситалари орқали халққа етказишга оид бу каби ташаббусларни юксак баҳоладилар.
Энг унутилмас воқеа эса учрашув сўнгида содир бўлди. Президентимиз Абдулла Қодирийнинг “Бу даргоҳдан ҳеч ким норизо бўлиб кетмаслиги керак!”, деган машҳур иборасини эслаб, мамлакатимизда Ёшлар театрини ташкил этиш ҳақида тарихий топшириқ бердилар ва унинг фаолиятига раҳбарлик қилиш масъулиятини бизга ишониб топширдилар. Бу мен учун юксак ишонч, айни пайтда улкан масъулиятдир.
– Сафар давомида Афғонистондаги маҳаллий аҳолининг ўзбек халқига, ўзбек ижодкорларига бўлган ҳурмати ва кундалик ҳаётида қандай ҳақиқатларни кашф этдингиз?

– Бу сафар мен учун энг катта кашфиётлардан бири Афғонистондаги ўзбекларнинг Ўзбекистонга, аждодларимизга бўлган чексиз меҳри бўлди. Маймана, Андхўй, Форёб, Кобул ва Ҳиротдаги тилдошларимиз билан суҳбатлашганимда, уларнинг деярли барчаси бир гапни такрорларди: “Биз учун Ўзбекистон – ота-боболар юрти”. Улар Амир Темур, ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат, Мавлоно Ҳувайдо каби буюк аждодларимиз билан биз каби фахрланадилар. Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона номлари улар учун муқаддас зиёратгоҳлар, илм-маърифат ва тамаддун манзиллари ҳисобланади. Кўпчилиги умрида ҳеч бўлмаса бир марта Ўзбекистонга келиб, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Амир Темур билан боғлиқ муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни энг катта орзуларидан бири сифатида тилга олди.
Сафар сўнгида улар менга чопон ва дўппи тутиб: “Сиз энди Ўзбекистонга қайтасиз. Илтимос, шу чопонни кийиб, Амир Темур ҳазратларини зиёрат қилинг. Сиз орқали биз ҳам зиёрат қилган бўламиз”, деб илтимос қилишди. Уларнинг илтимосини бажардим.
Андхўйлик нуронийлардан бири эса умрим давомида унутмайдиган гапни айтди: “Мен икки марта Ҳаж қилганман. Лекин имконим бўлса, икки Ҳажимни бир марта Амир Темурни зиёрат қилишга алмаштирардим. Қанийди, бир марта Самарқандга бориб, Имом Бухорий ҳазратларини зиёрат қилиш насиб этса, бу дунёдан армонсиз кетардим”. Бу сўзлар менга аждодларимизга бўлган муҳаббатнинг қанчалик юксак эканини яна бир бор англатди.
Яна бир ҳақиқат шуки, улар Ўзбекистоннинг бугунги тараққиётини ҳам ҳавас билан кузатиб боради. Президентимиз олиб бораётган тинчликпарвар ташқи сиёсат, яхши қўшничилик муносабатлари, инсонпарварлик ёрдамлари ҳақида катта ҳурмат билан гапиришади. Эркинлик, таълим, илм-фан, тадбиркорлик, маданий ҳаёт, аёлларга яратилаётган имкониятлар ҳақида ҳавас билан сўзлашади. Кўпчилигининг энг катта орзуси – Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Хорзам, Андижон ва Наманганни зиёрат қилиш, бу ерларда таҳсил олиш ёки тижорат қилиш.
Яна бир жиҳат бор, улар “афғон ўзбеклари” деган иборани ёқтиришмайди. “Биз Амир Темур, ҳазрат Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур давридан ҳам аввалроқ шу тупроқларда яшаган ҳақиқий ўзбеклармиз. Илтимос, бизни ўз номимиз билан ўзбек деб атанг”, деб қайта-қайта таъкидлашди.
Шунингдек, бу сафарда яна бир нарсани англадим. Баъзан биз қўл узатсак етадиган масофадаги Самарқанд, Бухоро, Хива ёки Шаҳрисабзда ётган буюк боболаримизнинг қадрига тўла етмаймиз. Аммо улардан юзлаб чақирим узоқда яшаётган юртдошларимиз ҳар куни ана шу зиёратгоҳларни орзулаб яшайди. Улар учун Ўзбекистон тарих, тамаддун ва руҳий Ватан тимсолидир.
Демак, ўзимизда бор неъматнинг қадрига етишимиз, буюк тарихимиз ва меросимизни асраб, уни келажак авлодга етказиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.
– Самимий ва сермазмун суҳбат учун ташаккур!
ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди.