Миллат ва тил тақдири бир бирига боғлиқ
Фарзанд тарбиясида болани Ватанни севишга, она тилини яхши билишга ундаш ўта муҳим жиҳат саналади. Tилни ардоқлаш миллатни севиш ва уни қадрлаш билан тенгдир.
Тил яшаса миллат яшайди, жамият тараққий этади. Тилни миллатнинг қиёфасига, маънавий бойлигининг бир бўлагига ўхшатишади. Дарҳақиқат, тил халқнинг маданияти, урф-одатлари сақланиб қолишида асосий восита саналади.
Қайси бир халқ ўз она тилида мулоқотни камайтирса, ўқишни тўхтса ўша тил йўқолиш сари юз тутади. Тилнинг тараққиёти, барҳаётлиги ўша халқнинг маданияти, урф-одати боқийлигини таъминлайди. Миллат тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқлиги ана шунда намоён бўлади.
Бу мулоҳазалардан тилнинг фақатгина мулоқот воситаси эмаслигига амин бўламиз. Инсон қалбининг хазинаси тил, бу қалб хазинасининг калити эса сўздир, дейилгани айни ҳақиқат.
Давлат тилида мамлакатни идора қилиш, юрт қалам аҳлининг шу тилда ижод қилиши, таълимнинг она тилида олиниши катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда мамлакатимизда давлат тилининг мақомини, нуфузини ошириш ва мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, президентимизнинг она тилимизга давлат тили мақоми берилган кунни умумхалқ байрами сифатида нишонлаш ҳақидаги фармони тилимизга бўлган эътиборни давлат сиёсати даражасига кўтарди.
Ўзбек тилининг мавқейи ортиб, ундан нуфузли халқаро тадбир ва анжуманларда ҳам фойдаланилмоқда. Бу борадаги ишлар самарасини ошириш учун ўзбек тилини ўқитиш методларини янги босқичга чиқариш, тил ўргатишда замонавий технологияларни жорий этиш давр талаби саналади. Бу йўналишдаги лойиҳаларнинг давлат томонидан қўллаб қувватланаётгани, тил равнақига хизмат қиладиган илмий изланишлар қилинаётгани, илмий адабиётлар, китоблар чоп этилаётгани эса эътиборга молик.
Собир Шукуров, ЎзА