«Миллат Шавкати» — ислоҳотлар ва миллий тафаккур уйғунлиги
Сирдарё вилояти ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасида ўтказилган касбий-маърифат соатида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов қаламига мансуб «Миллат Шавкати» китобининг мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ғоялар мисоллар асосида очиб берилди.
Тадбирда Ўзбекистон агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари Эркин Байниёзов бошчилигида соҳа ходимлари ва мутахассислари иштирок этишди. Унда китобда мамлакатимиз ҳаётидаги сўнгги йиллардаги туб ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар, миллий ўзлик ва тарихий хотира билан боғлиқ масалалар хусусида атрофлича фикр юритилди.
«Миллат Шавкати» — сўнгги йилларда ёзилган 12 та публицистик мақолани жамлаган асар. Унда мамлакат тараққиётидаги янгиланишлар воқеаларни шунчаки санаб ўтиш орқали эмас, балки уларнинг замиридаги ижтимоий, сиёсий ва маънавий жараёнлар нуқтаи назаридан ёритилади. Шу жиҳатдан китоб бугунги ислоҳотларни англаш ва уларга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.
Касбий-маърифат соатида Эркин Байниёзов китобда илгари сурилган миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани эъзозлаш ва Ватанга садоқат ғояларининг бугунги кун учун аҳамиятига алоҳида тўхталди. Шунингдек, мамлакатимизда сўнгги ўн йилликда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, турли соҳалардаги янгиланишлар ва бунёдкорлик ишлари ҳақида фикр алмашилди.
[gallery-31364]
— Одатда китоб мутолаа қилганда воқеаларни шунчаки хаёлан тасаввур этамиз. «Миллат Шавкати» китобини варақлар эканмиз, ундаги ҳар бир сатрни бугунги саодатли кунларимиз билан қиёслаймиз. Тарихимизнинг аламли сабоқлари билан бирга, бугун олдинга ташланаётган дадил қадамлар ва уларнинг амалий натижалари ҳам акс этган, — дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Дилнавоз Саидова.
Дарҳақиқат, китобнинг аҳамияти фақат ислоҳотлар ҳақида маълумот беришда эмас. У китобхонни кечаги кун сабоқлари, бугунги ўзгаришлар ва эртанги мақсадлар ҳақида мушоҳада юритишга ундайди. Миллий ғурур, Ватанга садоқат, тарихий хотира ва жамият тақдирига дахлдорлик туйғулари асарнинг муҳим ғоявий йўналишларини ташкил этади.
Тадбир якунида «Миллат Шавкати» китобини меҳнат жамоалари ва ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг мазмун-моҳияти орқали юртимизда кечаётган янгиланишларни теранроқ англаш муҳим экани таъкидланди.
Муҳими, ислоҳотлар самараси фақат янги бунёдкорликлар ёки эришилган кўрсаткичларда эмас, балки инсонларнинг ҳаёти, дунёқараши ва келажакка ишончида намоён бўлади. Бугунги янгиланишларни англаш эса эртанги тараққиётга дахлдорлик ҳиссини кучайтиради.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА