Миллат қайғуси билан яшаган аллома
Шундай инсонлар бўладики, уларнинг ҳаёти, хаёли, бутун фаолияти, ўйлари, барча саъй-ҳаракатлари миллат қайғуси, унинг истиқболи, халқнинг озозлиги, ҳуррияти, маънавий камолоти билан узвий боғлиқ бўлади.
Атоқли олим, дин ва жамоа арбоби, машҳур уламо Алихонтўра Шокирхўжа ўғли (тахаллуси Соғуний) ўз умрини халқнинг бахту саодатига бағишлаган, халқнинг чинакам меҳри ва муҳаббати, эл-юртнинг чексиз, бениҳоя улкан эҳтироми ва ҳурматига сазовор бўлган ана шундай жонфидо ватандошларимиздан бири эдилар.
Бу табаррук инсоннинг таваллудига жорий йилда 140 йил тўлади. Алихонтўра XIX аср бошида Қўқон хонлигининг ўша пайтдаги шарқий истеҳкомларидан бири сифатида вужудга келган Тўқмоқ (Боласоғун) шаҳрига Андижондан кўчиб борган Шокирхонтўра оиласида 1885 йилнинг 21 март куни таваллуд топган эдилар.
Ул зоти шарифнинг айнан Наврўз кунида таваллуд топганларида ҳам Яратганннинг мўъжизаси бўлса ажаб эмас. Негаки, одамларни эзгуликка, ҳурлик ва озодлик, покликка, нурга чорлаш Алихонтўра Соғуний ҳаётининг устувор мазмунини ташкил этар эди.
Маълумотларга кўра, Алихонтўра Соғуний ўсмирлик даврида Арабистон (Мадина)да ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олди.
Манбаларда келтирилишича, Алихонтўра Соғуний чор маъмуриятининг маҳаллий аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 йил қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач, сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетди, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га борди. Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 йил Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилди. 1941 йил адлиявий тафтиш натижасида озод қилинди.
1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Соғуний Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланди. Миллий қўшин ташаббускори бўлди ва унга қўмондон этиб тайинланди. 1946 йил июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган Алихонтўра умрининг охиригача Тошкентда яшади.
Алихонтўра Соғуний Аҳмад Донишнинг "Наводир-ул вақое", Дарвиш Али Чангийнинг "Мусиқа рисоласи", шунингдек "Темур тузуклари" каби асарларни таржима қилди. Алихонтўранинг "Девони Соғуний" шеърий тўплами, "Тарихи Муҳаммадий", "Шифо ул-илал" ("Хасталиклар давоси"), "Туркистон қайғуси" ва бошқа асарлари адабиёт мухлисларига яхши таниш.
Олимнинг айниқса, "Тарихи Муҳаммадий" асари ғоят равон ва тушунарли тили, силлиқ, таъсирчан ифода усули, ҳаёт ва илоҳиёт ҳикматларига бойлиги, азиз авлиёларимиз, пайғамбарлар, айниқса, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръон, Ислом дини тарихига доир қимматли ва қизиқарли маълумотларни ўзида мужассам этгани билан аҳамиятлидир.
Алихонтўра тарихий меъморлик обидалари ва қадимий қўлёзмаларни сақлаб қолишда жонкуярлик қилган.
Ватанимиз мустақилликка эришгач, Алихонтўра Соғуний асарларини нашр этиш, ўрганишга катта эътибор қаратилмоқда. Алломанинг хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкентнинг Чилонзор туманидаги маҳаллага, Шайхонтоҳур туманидаги кўчага унинг номи берилди.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА