Микромолия ташкилотлари кредит портфели ярим йилда 47 фоизга ўсди
Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари (ММТ) томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кредит ажратиш ҳажми сезиларли даражада кенгаймоқда. Бироқ кредит портфелининг тез ўсиши билан бир қаторда қарзларнинг қайтарилиши билан боғлиқ хатарлар ҳам диққат марказида қолмоқда.
Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 июль ҳолатига мамлакатда 136 та микромолия ташкилоти қайд этилган. Йил бошида уларнинг сони 132 тани ташкил этган. Шундан 122 таси амалда кредит портфелига эга бўлган.
2026 йилнинг биринчи ярмида ММТларнинг умумий кредит портфели 5,12 триллион сўмга ёки 47,3 фоизга ошиб, 16 триллион сўмга етди. Бу ўсиш суръати тижорат банклариникидан анча юқори. Хусусан, шу даврда банкларнинг кредит портфели атиги 6,4 фоизга кенгайган. Бироқ кредитлаш ҳажмининг тез ўсиши муаммоли кредитлар динамикасида ҳам акс этмоқда. Ярим йилда ММТлардаги муаммоли кредитлар 136 миллиард сўмга ёки 51,6 фоизга кўпайди.
Натижада NPL — қайтарилишида муаммо юзага келган кредитларнинг умумий портфелдаги улуши 2,43 фоиздан 2,50 фоизга ошди. Шу билан бирга, банк тизимида NPL улуши 2,99 фоиздан 3,57 фоизга кўтарилган. Демак, микромолия ташкилотларида муаммоли кредитлар улуши банкларга нисбатан пастроқ бўлса-да, уларнинг мутлақ ўсиш суръати юқори бўлган.
Микромолия бозорида концентрация даражаси ҳам юқори. Кредит портфели бўйича энг йирик 5 та ММТ жами портфелнинг 64 фоизини, энг йирик 10 та ташкилот эса 74,4 фоизини назорат қилмоқда. Бозор етакчиси TEZCOIN ҳисобланади. Унинг кредит портфели ярим йилда 3,46 триллион сўмдан 5,88 триллион сўмга, яъни 69,8 фоизга ошган. Натижада унинг бозордаги улуши 31,9 фоиздан 36,8 фоизга кўтарилган.
Қизиғи, портфель жадал ўсганига қарамай, компанияда NPL улуши 2,24 фоиздан 1,92 фоизга пасайган. Бироқ кредит портфели катта бўлгани учун муаммоли кредитларнинг мутлақ миқдори ҳам ошган. Иккинчи йирик иштирокчи SHAFFOF-MOLIYAнинг портфели эса 4,8 фоизга қисқариб, 1,77 триллион сўмни ташкил қилган. Унинг NPL улуши 3,88 фоиз даражасида қолган. Шу икки ташкилотнинг ўзи сегментдаги жами муаммоли кредитларнинг 45,5 фоизини шакллантирмоқда.
Микромолия бозорида янги иштирокчиларнинг фаоллашуви ҳам кузатилмоқда. Хусусан, TBC CREDITнинг кредит портфели йил бошидаги 35,3 миллиард сўмдан ярим йил якунига келиб 806,9 миллиард сўмга етган. Шу билан бирга, унинг NPL улуши 0,07 фоизни ташкил этган. Бу кўрсаткич портфель нисбатан янги шакллангани билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Айрим ташкилотларда эса кредит портфелининг кескин кенгайиши муаммоли қарзлар улушининг ҳам ўсишига олиб келган. Масалан, KORONAнинг портфели 10,1 миллиард сўмдан 261,7 миллиард сўмгача кенгайган. Шу даврда ташкилотда аввал мавжуд бўлмаган муаммоли кредитлар ҳажми 26,8 миллиард сўмга етган. YANGI FINANCEда эса NPL улуши 7,39 фоиздан 24,23 фоизга кўтарилган. Бунда ташкилот портфелини қисқартирганига қарамай, муаммоли кредитлар ҳажми ошган.
Бозорда барча ташкилотларда ҳам салбий динамика кузатилмаяпти. Айрим ММТлар муаммоли кредитлар улушини сезиларли камайтирган. Хусусан, PULMANда NPL улуши 5,12 фоиздан 2,22 фоизга, EHTIROM PLUSда 3,32 фоиздан 1,76 фоизга, AGAT CREDITда 3,94 фоиздан 2,95 фоизга тушган. Ҳисобот санасида 24 та ММТ муаммоли кредитларсиз ишлаётган. Бироқ йил бошида бундай ташкилотлар сони 28 та эди. Микромолия бозоридаги умумий NPL даражаси 2,5 фоиз бўлгани билан, айрим кичик ташкилотларда муаммоли кредитлар улуши жуда юқори.
Ҳозирда 46 та ММТда NPL улуши 5 фоиздан ошган. Йил бошида бундай ташкилотлар 32 та эди. Энг юқори кўрсаткичлар KREDITOMAT TASHKENT — 85,32 фоиз, SILVER FINANCE — 69,83 фоиз, TURON MIKROMOLIYA — 61,10 фоиз ва SIRIUS KREDIT — 56,32 фоизда қайд этилган. Бироқ бу ташкилотларнинг кредит портфели нисбатан кичик бўлгани учун уларнинг юқори NPL кўрсаткичлари бутун бозорнинг умумий натижасига катта таъсир кўрсатмайди. Портфели 10 миллиард сўмдан юқори бўлган 73 та ММТда NPL улушининг медианаси 2,21 фоизни ташкил этган.
Микромолия ташкилотлари кредит портфелининг ярим йилда қарийб ярим бараварга ўсиши аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларга бўлган талабини қондиришда ушбу секторнинг роли ортиб бораётганини кўрсатади. Бироқ кредит портфели 47,3 фоизга, муаммоли кредитлар эса 51,6 фоизга ўсгани муҳим сигналдир. Бу микромолия бозорида кредитлаш ҳажмини кенгайтириш билан бир қаторда қарз олувчиларнинг тўлов қобилиятини баҳолаш, кредит рискларини бошқариш ва қарздорлик сифатини назорат қилиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатмоқда. Умуман, секторнинг жадал ўсиши молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши мумкин. Аммо барқарор ўсиш учун кредит портфелининг ҳажми билан бирга унинг сифати ҳам асосий мезон бўлиб қолади.
Ш. Маматуропова, ЎзА