Микромолия ташкилотлари активлари бир йилда 47 фоизга ўсди
Ўзбекистонда микромолия ташкилотлари фаолияти сўнгги йилларда жадал ривожланиб, молиявий сектордаги улушини кенгайтириб бормоқда. Марказий банк маълумотларига кўра, 2026 йил 1 апрель ҳолатига микромолия ташкилотларининг умумий активлари 13,3 триллион сўмга етган.
Таққослаш учун, 2025 йилнинг шу даврида ушбу кўрсаткич 9,1 триллион сўмни ташкил этган эди. Демак, бир йил ичида микромолия ташкилотлари активлари қарийб 47 фоизга ўсган.
Мутахассислар фикрича, ушбу ўсишнинг асосий драйвери — кредит фаолияти ҳажмининг кенгайиши ҳисобланади. Хусусан, микромолия ташкилотлари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 8,2 триллион сўмдан 11,8 триллион сўмгача ошган.
Шу билан бирга, секторнинг молиявий барқарорлиги ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Жами капитал ҳажми 2,6 триллион сўмдан 3,6 триллион сўмгача кўтарилиб, 38 фоизлик ўсиш қайд этилган.
Марказий банк бу ҳолатни микромолия ташкилотларининг устав капитали ошиши ҳамда ички молиявий базанинг изчил мустаҳкамланиши билан изоҳламоқда. Бу эса секторнинг тўлов қобилияти ва барқарорлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, микромолия ташкилотларининг мажбуриятлари ҳажми ҳам сезиларли даражада ўсган. Бир йил ичида мазкур кўрсаткич 6,5 триллион сўмдан 9,7 триллион сўмгача етган бўлиб, 49 фоизлик ўсишни ташкил этган.
Маълумот ўрнида, сўнгги йилларда мамлакатда микромолия ташкилотлари сони ҳам изчил ортиб бормоқда. 2024 йилда 119 та янги ташкилот фаолият бошлаган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан яна 53 тага кўпайган.
Экспертларнинг фикрича, микромолия бозорининг бундай жадал кенгайиши аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабининг ортиши, кичик бизнес ва тадбиркорлик фаолиятининг ривожланиши билан бевосита боғлиқ. Шу билан бирга, секторда рақобатнинг кучайиши хизмат сифатини яхшилаш ва молиявий маҳсулотлар турини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА